Яқин келажакнинг “гаплашадиган” автомобиллари

Яқин келажакнинг “гаплашадиган” автомобиллари

Гаплашадиган автомобиль деганда кўча четига ўтириб ошналари билан гап сотадиган бекорчи автомобиллар кўз олдингизга келмасин. Гап “ақлли” автомобилларни ягона тармоққа бирлаштириб, мунтазам алоқа алмашиш ҳақида боряпти.

Неча йилларки, автомобиль ишлаб чиқарувчилар ҳайдовчисиз машина яратиш устида изланаётибди. Биз қуйида ўзаро ва атрофдаги объектлар билан алоқа алмашувчи транспорт воситалари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Тасаввур қилинг: машинангиз бурилишда нима борлигини билади; бошқа ҳаракат қатнашчиларини йўлнинг муайян қисмидаги хавфдан огоҳлантиради; светофорнинг яшил чироғидан ўтиш учун қандай тезликда бориш кераклигини ҳамроҳига “шипшийди”; яқинлашиб келаётган “тез ёрдам” ҳақида огоҳлантиради, борингки, ўзингизни қандай ҳис қилаётганлигингизни ҳам назорат остида тутади. Фантастика деб ўйлайсизми? Йўқ, ундай эмас!

Барчаси нимадан бошланган?

Автомобиль ва инфраструктура объектлари (йўл, светофор, чорраҳа, темир йўл ўтиш жойлари ва ҳоказо) орасида симсиз алоқа ўрнатишга уриниш 1990-йиллардан бошланган. Американинг навбатдаги Миллий конференциясида “ақлли” транспорт тармоғини ривожлантириш қизғин муҳокама қилинган, чунки бу йўл ҳаракати хавфсизлигини оширади. Шундан сўнг кўпгина хусусий корпорация ва давлат органлари ITS America (Intelligent Transportation Society of America) нотижорат жамиятига бирлашди. Кейинроқ шунга ўхшаш уюшмалар Япония (ITS Japan) ва Европада (ERTICO-ITS Europe) ҳам пайдо бўлди.

Алоқа аппаратлари ўрнатилган автомобиль теварак-атрофдаги объектлар билан мунтазам ахборот алмашиб туради, бу манёврларни башорат қилиш ва ҳалокатни олдиндан бартараф этиш имконини яратади.

Катта компаниялар бирлашганидан сўнг замонавий технология билан автомобилсозлар қизиққунича яна ўн йил кутишга тўғри келди. Бу технологиянинг кашшофлари BMW ва DaimlerChrysler гигантлари бўлди. Улар ўз олдига 2020 йилга бориб ҳайдовчи, транспорт воситаси ва атроф-муҳитнинг ягона бирлигига эришиш мақсадини қўйди. Мақсад улкан, аммо икковлон бунга эриша олармиди? Ёлғиз отнинг чанги чиқмайди.

2004 йилда автомобиль ишлаб чиқарувчиларнинг Car 2 Car Communication (Vehicle2Vehicle ёки Car2X деб ҳам аташади) номли консорциуми тузилди. Консорциумдаги компаниялар сони кам эди, аммо бугунга келиб сайёрамиздаги барча йирик технологик компаниялар жам бўлган. Автомобилсоз BMW, Volkswagen, Audi, Daimler, General Motors, Ford, Honda, Mercedes-Benz, Hyundai, Nissan, Land Rover/Jaguar, PSA Peugeot Citroen, Toyota, MAN, Volvo, Tesla; электрон компонентлар ишлаб чиқарувчи Bosch, Siemens, LG; давлат ва транспорт компаниялари; ўқув даргоҳлари ва бошқа ўнлаб таниқли ширкатлар унинг аъзосидир. С2С интернационал хусусиятга эга, чунки сайёрамиздаги барча автомобиллар ягона тилда “гаплашиши” лозим.

Бу қандай ишлайди?

Фараз ва таклифларга кўра, транспорт ва инфраструктура объектлари реал вақт режимида куну-тун ахборот алмашиниб туради. Турли жойлардан узатилган билдиришномалар жамланиб, махсус алгоритм асосида таҳлил қилинади.

Автомобилни ахборот алмашишга ўргатиш учун унга антенна ва ихчам борт компьютери ўрнатиш етарлидир.

Замонавий технологияларни кўз олдимизга келтирсак, вазифа унча қийин туюлмайди: машинага WLAN антенна, узатгичли GPS приёмник ҳамда тезлашиш ва секинлашишни, ҳаракат координатасини таҳлил қилувчи, барқарорлаштириш тизимини ростловчи, ойна тозалагични ишга туширувчи ва бошқа электрон қурилмаларни бошқарувчи маълумотни қайта ишлаш блоги ўрнатилса кифоя. Аммо барча сигналларни қайта ишлаб, яшин тезлигида аниқ қарор қабул қилувчи дастурий таъминот-чи? Дастур, шунингдек, огоҳлантиришни аудиотизимга ёки хабарлар дисплейига юбориши, алоҳида ҳолатларда эса бошқарув органини хабардор этиши лозим. Назарий жиҳатдан олсак, бундай дастур сунъий идрок даражасига етишади.

Видеолавҳада Car 2 Car тизимининг антиқа функциялари кўрсатилган.

Амалиётга татбиқ

Мураккабликларга қарамасдан дунёдаги биринчи  коммуникация тизими ишга туширилди. Toyota инженерлари уни ITS Connect деб номлади. Булутли тармоқ автомобилларни боғлайди ва ўзаро”гаплашиши”га шароит яратади. ITS Connect яккатезликни (круиз-контроль) юқори аниқликда бошқаради, махсус хизмат автомобиллари яқинлашаётганидан ҳайдовчини огоҳлантиради, чорраҳаларда хавфсиз бурилиш ва қайрилишни таъминлайди.

Бошқа автомобилсоз компаниялар ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Шведларнинг Volvo компанияси транспорт Вазирлиги билан бирга технология воситасида музлама йўлдаги автоҳалокатларга қарши кураш бошлади. Сирпанчиқ йўл қисмига етган машина Volvo Cars мобиль тизими орқали қайта ишлаш марказига сигнал юборади. Сўнг йўлнинг мазкур қисмига яқинлашган барча автомобиллар сирпанчиқдан огоҳлантирилади.

Коммуникация тизими нафақат ҳайдовчига, коммунал хизматларга ҳам асқотади.

General Motors концерни C2C тизими асосида қувиб ўтиш учун қарама-қарши полосага чиққан машинадан огоҳлантирувчи функцияни ишлаб чиқмоқда. Тиркамалар уланган узун юк машиналарини қувиб ўтишда бундай функциянинг аҳамияти катта.

Audiнинг Travolution функцияси салондаги дисплейга светофоргача қанча масофа қолганинигина эмас, яшилда ўтиш учун зарур бўлган тезликни ҳам кўрсатади. Дарҳақиқат, бу кўча ҳаракатини ташкил этишда ҳамда ёнилғини тежаш ва атроф-муҳит муҳофазасида катта аҳамият касб этади.

“Америка трассалардаги ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси” изоҳлашига қараганда бундай тизим транспорт оқимини мувофиқлаштирибгина қолмай, йилига минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолади. АҚШ шу йилдан янги автомобилларнинг барчаси Сar 2 Сar тизими билан жиҳозлантирмоқчи.

Қийинчиликлар ҳам бор

Албатта, C2C тизимининг ўзига яраша муаммолари, аниқроғи, жорий этиш муаммолари етарли. Уларнинг бири нархидир. Симсиз аппаратларнинг нархи 300-500 доллар атрофида. Бироқ тизим рисоладагидек ишлаши учун бошламасига барча транспорт воситаларининг камида 20 фоизини жиҳозлаш лозим бўлади. Бунинг устига замонавий электрон “ичак-чавоқ”ли машиналаргагина C2C ўрнатиш мумкин. Инфраструктура объектларига электрон қурилмалар ўрнатишни ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Бордию барча автомобиль ва мотоциклларга C2C тизими ўрнатилганда ҳам велосипедчилар, пиёдалар ва ҳайвонлар масаласи очиқ қолмоқда. Бу саволга аниқ жавоб ҳануз йўқ. Албатта, видеокамералар бўлади, аммо улар олдиндан эмас кўргандагина огоҳлантиришга қодир.

Автомобиллар ва инфраструктура объектлари билан бир қаторда мототехника Сar 2 Car тизимининг муҳим қисми бўлади. Мотоцикллар автомобилларга қараганда 29 баробар кўп аварияга учрайди!

Ва ниҳоят, автомобилларнинг ижтимоий тармоғидаги ахборот муҳофазаси устувор масаладир. Устомон хакер сигнални тутиб қора мақсадида фойдаланиши мумкин. Шунинг учун ахборотни кучли ҳимоялаш ҳақида астойдил бош қотириш шарт.

 “Ақлли” қурилмалар яна бор

Mercedes-Benz автомобилни турли йўл шароитларида силкиниш ва оғишлардан сақлаш учун османи қайта ишлашни бошлаб юборди. Янги технологияда стереокамера ва датчиклар йўлни кузатиб, электроника эса османинг қаттиқлиги ва кузов ҳолатини ростлаб боради. Бу тизим S-синф фахрий русумларининг деярли барчасида бор.

Автоном парковкани ҳам C2C тизимига нисбат берса бўлади. Айтайлик, сиз манзилга етгач, машинадан тушиб, тугмани босдингиз. Машина белгиланган жойга ўзи борди ёки яқин-атрофдан бўш жой қидира бошлади. Мўлжални тўғри олиш учун парковка датчиклари, радар, камера, GPS-контроллер ва жой харитасидан фойдаланилади.

Mercedes-Benz ва BMW серияли автомобилларида бу тизимнинг сал содда вариантидан фойдаланмоқда. Янги русум ҳайдовчилари смартфондаги махсус илова ёрдамида машинани автотураргоҳга жойлашади.

Ford эса сунъий идрокни ҳайдовчининг… остига жойлаб қўйди. Ўриндиққа ўрнатилган олти сенсор ҳайдовчи юрагининг импульсини бошқарув блокига узатади. Машина шу йўл орқали ҳайдовчини ҳис этади, қон босими кўтарилган ё пастлаганини, ҳаттоки, юрак хуружини аниқлай олади. Юрак хуружи маълум бўлса, автомобиль ҳалокат чироқларини ёқади, секинлашади ва “тез ёрдам” чақиради.

Jaguar Land Rover мутахассислари Driver Monitor System (DMS) номли ғаройиб технология устида ишламоқда. Қатор датчиклар ва видеокамералар ҳайдовчининг мимикаси ва нигоҳини назоратда тутади. DMS назаридан рулдаги ҳайдовчининг боши, қаёққа қараши, киприк қоқиши ва нафас олишигача четда қолмайди. Тизим ҳайдовчининг аҳволини баҳолаб, дам олиш фурсатини таклиф қилади. Ҳайдовчи ухлаб қолса, қаттиқ сигнал бериб уйғотади.

BMW инженерлари узатмалар қутисининг ҳам тилини топди. Саккиз поғонали автомат қутининг бошқарув блоки GPS модул билан алоқа ўрнатади ва тегишли йўналишга мослашади. Чорраҳада тормоз ёки газ тепкисини босишингиздан олдин навигатор бўйича манёврни пайқаб мақбул узатмани танлайди. Бу функция Rolls-Royce Wraith тажрибавий нусхасида жорий этилган.

Шубҳасиз, автомобиль коммуникациясини жорий этишдан олдин кўплаб техник ва ҳуқуқий масалаларга ечим топиш лозим. Бироқ яқин йиллар ичида машиналар “ақллилашуви” ва мулоқотга киришиши, натижада автотранспорт ҳалокатлари сони кескин қисқариши кутилаётибди.

Шукуржон Исломов тайёрлади

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"