Янги Nexia: Аввалгиларга ўхшамас

15 изоҳ

GM Uzbekistan жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб серияли ишлаб чиқарадиган янги Chevrolet Nexia русуми билан яқиндан танишамиз.

GM Uzbekistanнинг энг оммабоп русумларидан бири бўлмиш Nexiaдан ҳам мамлакат ичида, ҳам ташқарисида йигирма йилдан бери кенг фойдаланиб келинмоқда. 1996 йилдан бери фақатгина Ўзбекистоннинг ўзида 1 миллион нусха биринчи ва иккинчи авлод Nexia (N150) автомобили сотилди.

2016 йилдан мазкур автомобиль тарихида янги босқич бошланади. GM Uzbekistan йилнинг иккинчи ярмидан Chevrolet Nexiaнинг янги авлодини серияли ишлаб чиқара бошлайди. Бу навбатдаги янги қиёфалаш (рестайлинг) эмас, хавфсизлиги, қулайлиги ва замонавийлигига кўра тамоман янги автомобиль ҳисобланади.

Ташқи кўриниши

Учинчи авлод Nexia автомобили янги радиатор панжараси, асосий ва туманга қарши фаралар янгиланган, DRL ҳамда қуйма пўлат дискаларга (олий комплектацияда) эга. Олд бампер пиёдаларни ҳимоя қилиш талабларига жавоб беради.

Машина 11 рангда (жумладан, 4 таси янги ранг) ҳавола этилади. Автоматик ростланувчи ва йиғилувчи кўзгу (сўнгги позицияда) ҳамда эшик тутқичлари кузов рангида бўялган.

Энсизроқ олд устунчалар ҳайдовчининг яхшироқ кўришини таъминлайди. Аввалги Nexiaга қараганда том ости сиғими каттароқлиги новча кишилар учун ҳам қулайлик яратади. Ҳайдовчи ўриндиғини паст-баландлик бўйича созлаш мумкин.

Ички кўриниши

Тўрт кегайли гидрокучайтиргичли рул чамбараги Lacettiники билан бир хил бўлиб, Chevrolet логотипининг рангдорлиги билан фарқ қилади. Рул устунини паст-баландлик бўйича ростлаш мумкин. Учинчи позициянинг рул чамбарагида аудиотизимни бошқариш модули бор. Аудиотизимда Bluetooth, AUX, handsfree мавжуд бўлиб, олд эшиклар ва орқа панелга карнайлар ўрнатилган.

Олд ўриндиқлар ўртасида майда-чуйдалар токчаси бор. USB порти қўл тормози тутқичи ёнига жойлаштирилган. Иқлим назорати блоки остида стакандонлар мавжуд бўлиб, уларни керак пайтда босиб чиқариш мумкин. Орқа йўловчилар учун қўшимча стакандон мавжуд.

Олд панелнинг йўловчи томонидаги қисми резиналанган қопламага эга, худди шундай материал эшикларнинг юқори қисмида ҳам мавжуд. Эшикни ичкаридан очувчи тутқичлар хромланган. Бундан ташқари, эшикларда ҳужжатлар ва бошқа буюмлар учун каттакон каваклар бор.

Юкхона ҳажми 400 л, орқа ўриндиқларни тахлаш орқали янада кенгайтириш мумкин. Юкхона калит ва ҳайдовчи эшигидаги тугма орқали очилади. Тугма босилганида юкхона охиригача очилади.

Техник тавсифи

N150 моделидан фарқли ўлароқ, янги Nexiaда ABS тизими ва ҳайдовчи учун хавфсизлик ёстиқчаси мавжуд. Энг юқори позицияда қўшимча опция сифатида олд йўловчи учун ҳам ёстиқча бор.

Қолаверса, машинада иммобилайзер (автомобиль ўғриларидан ҳимояловчи махсус қурилма, двигатель ўт олишига тўсқинлик қилади), кундузги олд чироқлар ҳамда Isofix болалар ўриндиқлари учун маҳкамлагичлар бор. Экспортбоп версияларида (машина хорижга Ravon бренди остида чиқарилади) «ЭРА-ГЛОНАСС» навигация тизими, йўналиш барқарорлиги (ESC) ва шиналар босимини назорат қилувчи тизимлар мавжуд.

GM Powertrain-Uzbekistan қўшма корхонаси ишлаб чиқарган 1,5 литрли, 16 клапанли, 109 от кучига эга бензинли S-TEC III двигатели ва беш поғонали механик ёки олти поғонали автоматик узатмалар қутиси автомобилга ўрнатилган. LTZ учинчи позиция Нексияларига автоматик (типтроник функцияли) ва механик узатмалар қутиси ўрнатилган.

Махсус созламалар двигатель динамикасини ошириб, автомобилнинг тежамкорлигини таъминлайди (ёнилғи истеъмоли аралаш циклда — 100 км га 7,2 л).

Автомобиль осмасига маҳаллий йўл шароитларини ҳисобга олиб ишлов берилган, қаттиқ эмас. Машина силлиқ ҳаракатланади, салонда титраш, рулнинг зириллаши, ғичирлаш ёки шовқинлар сезилмайди.

Тепкилар яхшилаб созланган, тормоз тепкиси сезгиргина. Капот ва юкхона шовқини тўсилгани учун салонда сокинлик ҳукмрон.

Техник тавсифнома

Кузов
Тури Седан
Эшиклари сони 4
Ўриндиқлари сони 5
Ўлчами
Узунлиги 4327
Кенглиги 1713
Баландлиги 1505
Ғилдираклар базаси 2480
Ғилдирак (олд/орқа) 1454/1444
Двигатель
Тоифаси Бензинли эко. EURO 3/5 синф
Русуми B15D2
Иш ҳажми, см.куб 1485
Цилиндрлар сони ва жойлашуви Тўрт цилиндрли, қатор
Энг юқори қуввати, от кучи 109
Энг юқори айлантириш моменти, 3800 айлан/дақиқа 141
Ёнилғи тури ва маркаси АИ-91 и ундан юқори
Трансмиссия
Узатма тури Олд
Узатмалар қутиси Беш поғонали механик/

Олти поғонали автоматик

Илашма (сцепления) тури Қуруқ, яккадискли
Ўлчамлари ва вазни
Ёнилғи баки ҳажми, л 45
Юкхона ҳажми, л 400/980
Аккумулятор 12 V 55
Автомобиль вазни, кг 1089~1115
Автомобиль тўла вазни, кг 1164~1190
Динамик тавсифи
100 км/соатга тезланиш олиши учун вақт, сония 12,2/12,3
Энг юқори тезлиги 179/178
Тормоз тизими
Олд тормоз Дискли
Орқа тормоз Барабанли
Осма
Олд McPherson туридаги мустақил
Орқа Ярим мустақил
Ёнилғи сарфи (100 кмга литрда)
Шаҳардан ташқарида 5,7/5,8
Шаҳар ичида 9,3/10,0
Аралаш 7/7,4

Gazeta.uzда чоп этилган маълумот асосида тайёрланди

Баҳо

Chevrolet Nexia

8 балл

"Энг муҳими - Nexia вақт синовидан ўтган русумдир. Замонавий қиёфаси ва жиҳозлари харидорлар ўртасида кенг оммалашувига замин яратади. Бошқарув қисмлари ҳайдовчи ва йўловчи учун имкон қадар қулай жойлаштирилган."

Қаерда:

Афзаллиги

  • Вақт синовидан ўтган, ишончли автомобиль
  • Ҳайдаш қулай
  • Хавфсизлик даражаси яхши таъминланган
  • Салони шовқиндан яхши ҳимояланган

Камчилиги

  • Ёнилғи сарфи юқори (ҳозирги шароитда)
  • Дизайни устида ишлаш керак

Хулоса

  • Дизайн 60%
  • Хавфсизлиги 90%
  • Ёнилғи сарфи 80%
  • Техник кўрсаткичлари 80%
  • Қулайлиги 90%

review Муҳокамага қўшилинг