1 июндан бошлаб «GM Uzbekistan» барча автомобиллари сўмда сотилиши йўлга қўйилади

1 июндан бошлаб «GM Uzbekistan» барча автомобиллари сўмда сотилиши йўлга қўйилади

1 июндан бошлаб «GM Uzbekistan» барча автомобиллари сўмда сотилиши йўлга қўйилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 майдаги ПҚ-3010-сонли «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархларини шакллантиришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган, деб ёзади Kun.uz.

Қарорнинг 1-бандида «Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» АКнинг 2017 йил 1 июндан ички бозорда «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖнинг барча турдаги енгил автомобилларини миллий валюта — сўмда сотиш борасидаги таклифи маъқуллансин» дейилади.

2-бандида 2017 йил 1 июнгача бўлган муддатда тузилган барча шартномалар аввалги тартиб бўйича амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, экспорт ҳажмини маҳсулотларни сотиш бозорларини янада диверсификациялаш ва экспорт қилинувчи маҳсулот номенклатураси, ташқи бозорларда позицияларни мустаҳкамлаш ҳисобига ошириш; ишлаб чиқариш ҳажмини янги рақобатбардош маҳсулотни ўзлаштиришга қаратилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига ошириш; соҳада эҳтиёт қисмлар импортини қисқартириш, инвестицияларни жалб қилган ҳолда маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш чораларини кўриш таъкидланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафталик муддатда ушбу қарорни амалга ошириш бўйича тегишли қарорни қабул қилиш буюрилган. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланган.

Аввалроқ Кун.uz GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган бир қатор автомобилларнинг нархларини ошириши, бу ҳақда вазиятдан хабардор манбалар маълум қилгани ҳақида хабар берганди.

Манбаларнинг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг нархлар бўйича қарори ҳам чиқиши кутилмоқда. Айни дамда бу масала кўриб чиқилмоқда.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.