15,5 млн сўмга машина ойнасини қорайтириш мумкин бўлади

15,5 млн сўмга машина ойнасини қорайтириш мумкин бўлади

Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларга қарашли енгил транспорт воситалари ойналарини қорайтиришга рухсат берилиши мумкин. Фақат бу пулли бўлади. Ҳукумат қарорига мувофиқ машина орқа ойналарининг нур ўтказиши 5 фоиздан, орқа ён ойналарининг нур ўтказиши эса 30 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Машина олд ойнасининг юқори қисмини 14 см кенгликда 30 фоиздан кам бўлмаган даражада қорайтириш учун рухсатнома талаб қилинмайди.

Машинасининг ойнасини қорайтиришни истаган жисмоний шахслар энг кам иш ҳақининг 90 баробари, юридик шахслар ЭКИҲнинг 120 баробари, хорижий давлатларнинг юридик шахслари ЭКИҲнинг 140 баробарича маблағни тўлаб қўйиши лозим. Чет давлатлардан ойнаси қорайтирилган автомобиль Ўзбекистонга кириб келганда ёки транзит мақсадида ўтганда 15 доллар бож ундирилади.

Айни вақтда Ички ишлар вазирлиги ойнасини бепул қорайтириш ҳуқуқига эга давлат органлари рўйхатини тасдиқлаши лозим.

Қарор ҳужжатида ёзилишича, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб машина ойнасини қорайтиришга рухсат тегади. Аммо бу жараён ниҳоясига етмагани сабабли муддат яна бир ойга чўзилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз: қарор ҳали кучга киргани йўқ. Қуйидаги ҳаволага кириб қарорга ўз муносабатингизни билдиришингиз мумкин.

Содир Мелибоев исмли сайт аъзоси “Агар йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш киритмасдан туриб қарор қабул қилинса, бу ҳар қандай ЙҲҚни тижорий асосда бузишга йўл очиб беради. Таъкидлаш керакки, ИИВ вакиллари иштирокида матбуот конференцияси ўтказилганда нега ойнани қорайтирмаслик юзасидан тушунтириш берилиб, бу хавфли эканлиги ва йўл-транспорт ҳодисасини келтириб чиқариши мумкинлиги ТУШУНТИРИЛГАН. Аммо ушбу қарор қабул қилиниши билан тижорий сабаб туфайли йўл ҳаракати қоидаларини бузиш мумкинлиги келиб чиқади...”, деб изоҳ қолдирган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"