15 сентябрь “Автомобилсиз кун” акциясига старт берилади

15 сентябрь “Автомобилсиз кун” акциясига старт берилади

Жорий йилнинг 15 сентябрида республика ҳудудида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади. Ушбу тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл транспорт ходисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 701-сонли қарорида белгиланган вазифага асосан ташкил этилади. Ўша кундан бошлаб ҳар ойнинг учинчи жума кунида доимий равишда акция ўтказилади, деб ёзади Kun.uz.

Республика экология қўмитаси биносида 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика Автомобиллар йўллари давлат қўмитаси ва журналистлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда акция доирасида қилинаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.

Республика Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев бу ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:

“Бу акцияни ўтказишдан мақсадимиз одамлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан ташқари, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда дахлдорлик ҳиссини уйғотишдир. Биз “Автомобилсиз кун” акциясини ўтказишдан олдин 24 та хорижий давлатнинг тажрибасини ўрганиб чиқдик. Айтиш жоизки, ривожланган мамлакатларда дам олиш кунлари велосипедлардан фойдаланишади. Шу анъанани жорий этсак, барчани бирлаштира олсак, юртимиз экологиясига катта ҳисса қўшган бўламиз.   Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан велотураргоҳлар ташкил қилинмоқда. Тошкент шаҳрининг Тўйтепа кўчасида шундай замонавий велотураргоҳ барпо қилиняпти. Чилонзор туманида велосипедлар учун йўлак қурилди. Буларнинг сонини босқичма-босқич кўпайтириб бориш ниятидамиз”.

Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрда пойтахт кўчаларида автомобиль ҳаракати чекланмайди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.