2015 йилда Ўзбекистонда 382,4 км автомобиль йўли реконструкция қилинди

2015 йилда Ўзбекистонда 382,4 км автомобиль йўли реконструкция қилинди

Миллий матбуот марказида “Ўзавтойўл” акциядорлик компаниясининг ўтган йил фаолияти ва истиқболдаги режаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда УзА хабар қилган.

Анжуманда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раҳнамолигида йўл ва транспорт-коммуникация соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар мамлакатимизнинг жаҳон бозорига фаол интеграциялашуви, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

«Автомобиль йўллари Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан ишончли ва қулай транспорт инфратузилмасини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Жаҳон талабларига жавоб берадиган йўл ўтказгичлар, эстакада ва кўприклар қурилмоқда, кўчалар кўп полосали тез юрар магистралларга айлантирилмоқда. Буни узунлиги 5,1 километрлик янги Нурафшон кўчаси мисолида кўриш мумкин. Автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва янги эстакадалар қуриш орқали техник даражасини кўтариш транспорт оқимига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашда алоҳида аҳамиятга эга.

Президент Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида Ўзбекистон миллий автомагистралини модернизация қилиш ишларини якунига етказиш масаласи диққатимиз марказида бўлиши зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун жорий йилда қарийб 513 километр автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган», дейилади хабарда.

«Айни пайтда мамлакатимиз автомобиль йўлларининг узунлиги 184 минг километрдан ортиқдир. Бу халқаро стандартларга жавоб берадиган, давлат аҳамиятига эга маҳаллий шоссе ва хўжалик автомагистраллари ва бошқа йўллардир. Умумий фойдаланиладиган 42 минг километрдан ортиқ йўлга компаниямиз томонидан хизмат кўрсатилади. Компания таркибидаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўллардан фойдаланиш бўйича 13 ҳудудий йўл хизмат кўрсатиш ташкилоти ва 7 минтақавий таъмирлаш-хизмат кўрсатиш корхонаси йўлларнинг техник созлигини сақлаш, транспорт хавфсизлиги ва ҳаракат узлуксизлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда», – дейди «Ўзавтойўл» акциядорлик копанияси раиси ўринбосари Шуҳрат Назаров.

Ўтган йили «Ўзавтойўл» акциядорлик компанияси корхона ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган умумий фойдаланувда бўлган 382,4 километрлик автомобиль йўли ва узунлиги 1000 метрдан ортиқ йўл ўтказгич ҳамда кўприклар реконструкция қилинди. 2015 йилда 1,4 триллион сўмлик иш амалга оширилди. Бу 2014 йил билан таққослаганда 36 фоиз кўпдир. М-200 маркали босим остидаги бетондан фойдаланган ҳолда автомобиль йўллари қуриш технологиясининг жорий этилгани тармоқдаги энг сўнгги янгиликлардан бири бўлди. Бунинг самарасида 288,6 тонна йўл битум маҳсулотлари тежалди.

Айни пайтда Қарши шаҳрида янги ҳалқа йўли, А-380 автомобиль йўли (43 километр) ва Қарши – Тошгузар – Қумқўрғон темир йўл кесишмасида йўл ўтказгич қурилмоқда.

Жорий йилда 176,3 километрлик автомобиль йўли, 6 йўл ўтказгич ва 10 янги кўприк қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган. Пойтахтимизни Оҳангарон шоссеси билан боғлайдиган “Роҳат” айланма йўлида автомобиль оқими зичлигини қисқартириш имконини берадиган янги чорраҳа қурилади.

Жаҳон банки маблағи ҳисобидан Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 376 километрлик маҳаллий аҳамиятдаги автойўл 200 миллион долларга таъмирланади.

Тадбирда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари мамлакат иқтисодиётини изчил ривожлантириш ва халқ фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди. Соҳага чет эл инвестицияларининг жалб этилиши автомобиль йўлларининг сифатини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

Манба: Kun.uz

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.