2017 йилда дунёда энг яхши сотилган автомобиллар

2017 йилда дунёда энг яхши сотилган автомобиллар

Дунёда “темир тойчоқ”ларнинг савдо ҳажми йилдан йилга ўзгариб туради. Қуйида сизга ўтган йили энг кўп сотилган автомобиллар рўйхатини тақдим этамиз. Рейтинг focus2move компаниясига тегишли.

1-ўрин. Кўчаларимизда гоҳ-гоҳида учраб турадиган “Тойота Королла” дунёда энг яхши сотилаётган авторусум саналади. Focus2move компаниясининг маълумотига кўра, дунёдаги 16та заводда ишлаб чиқарилаётган “Королла” ўтган йили 1 224 990та сотилган. 1966 йилдан бери эса нақ 45 млндан зиёд сотилган. Бироқ японлар дўпписини осмонга отмай тургани маъқул, чунки унга бўлган талаб бир йилда 6,6 фоизга пасайиб кетди.

2-ўрин. Шимолий Америкалик Ford F-Series пикапи 2017 йилда 1 076 551 дона сотилиб “Королла”дан пастга жойлашди. Бу ўтган йилгидан 8,7 фоизга ортиқ натижа эканлиги билан “форд”чиларни бемалол табриклаш мумкин. Бу пикап нархи АҚШда 27 минг доллардан бошланади.

3-ўрин. Европада тенги йўқ Volkswagen Golf учинчи поғонадан жой олди. 952 826та сотилган “Голф”нинг савдоси бир йил олдингидан уч ярим фоизга пасайган.

4-ўрин. Баъзида мўъжизалар юз беради. 2016 йилда дунё рейтингида 10-ўринни эгаллаган Honda Civic тўртинчига кўтарилиб олиши кутилмаган ҳол. Асосан АҚШ ва Осиё бозорларида 819 005та “Сивик” сотилган. Йиллик ўсиш 21,7 фоиз. Буни ўсиш эмас, сакраш дейиш мумкин!

5-ўрин. Дунёнинг энг машҳур кроссовери Toyota RAV4 807 401 нусха сотилган (+11 фоиз). Дарвоқе, ўтган йили SUV сегментига талаб кескин ошиб кетганини айтиш керак.

6-ўрин. “Хонда”нинг омади келган русуми фақат “Сивик” эмас, CR-Vнинг кетмони ҳам яхши парвоз қилди. Ўтган йили япон машинасидан 748 048та сотилган.

7-ўрин. “Тигуан”нинг авлоди алмашгач, унга талаб ошиб кетди. 34 фоизлик ўсишни тасаввур қиляпсизми? Ҳатто, “Хонда” бундай қилолмади. 703 143та сотилган “Тигуан” орасида эскисиям, янгисиям бор.

8-ўрин. Асл Америка автомобили “Форд Фокус” 671923 дона сотилиб саккизинчи ўринга муносиб кўрилди (-6,3 фоиз). Бу машина Россияда ҳам яхши сотилади.

9-ўрин. Бир йил давомида савдоси 3,5 фоизга ўсган Chevrolet Silverado 660 530та сотилиб рейтингнинг тўққизинчи поғонасида.

10-ўрин. Немисларнинг яна бир машинаси харидоргир автомобиллар рўйхатидан ўрин олган – Volkswagen Polo. 656 179 нусха сотилган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"