2017 йилнинг амалий жиҳатдан энг фойдали ўн бир автомобили

2017 йилнинг амалий жиҳатдан энг фойдали ўн бир автомобили

Таниқли Motor1 нашрининг экспертлари 2017 йилнинг энг қулай ва фойдали автомобиллари рейтингини тузди. Рўйхатда жорий йилда дебют қилган турли сегментдаги автомобиллар жамланган.

Рўйхатдаги машиналар тежамкорлиги, яхши юриши, салон ва юкхонаси кенглиги, шунингдек, хавфсизлик тизими билан ўз турдошларидан афзалроқдир. Рейтинг автоҳаваскорларнинг ижтимоий тармоқдаги муносабати асосида тузилди.

  1. Small Car: Subaru Impreza Hatchback

Subaru Impreza Hatchback

Ихчам автомобиллар орасида энг яхшиси Impreza Hatchback. У Mazda3ни ортда қолдирди. Хэтчбек тўла узатмали, нархи баланд эмас (19 970 доллардан бошланади). Юкхонаси кенг ва мотори тежамкор.

  1. Midsize Car: Toyota Prius V

Toyota Prius V

Toyota Prius катта оиласининг аъзоси бўлмиш Prius Vнинг салон ва юкхонасига кўп нарса сиғади. Нархи эса 27 560 доллардан бошланади. Аммо тежамкорлик борасида айрим тенгқурларидан афзал эмаслигини мутахассислар таъкидламоқда.

  1. Midsize Luxury Car: Volvo V60

Volvo V60

Швед брендининг ўрта синф автомобили, шубҳасиз, хавфсизлик борасида бошқалардан афзалдир. Шунингдек, юк кўтариш бўйича ҳам отдек абжир ва бақувват. Нархи 37 145 доллардан бошланади.

  1. Large Car: Toyota Avalon Hybrid

Toyota Avalon Hybrid

Toyota Avalon катта ва кенг-мўл седанлигини ҳамма билади. Номидаги “гибрид” қўшимчаси эса тежамкорлигидан далолат бермоқда. Унинг нархи 38 185 доллардан бошланади.

  1. Large Luxury Car: Lincoln Continental

Lincoln Continental

Серҳашам ва улкан машина йўловчиларига кенг-мўл жой инъом қилади. Хавфсизлик синовидан энг юқори балл тўплаган. Мотори нисбатан кам ёнилғи “ейди”. Энг паст нархи 45 645 доллар.

  1. Small SUV: Toyota RAV4 Hybrid

Toyota RAV4 Hybrid

Toyota RAV4 Hybrid ихчам йўлтанламаси ёнилғини тежаш бўйича кўплардан устун. Бундан ташқари, японча SUV кичикроқ оилани барча тақир-туқури билан йўлсиз кўчалар узра таший олади. Нархи 28 870 доллардан бошланувчи машинанинг қатор хавфсизлик қурилмалари бор.

  1. Small Luxury SUV: Lexus NX 300h

Lexus NX 300h

Кичик, аммо башанг Lexus NX йўлтанламасининг машҳурлиги сири тежамкорлигидадир. Қолаверса, сиғимдорлиги ўз сегментида устунлик мақомини беради. Нархи эса 40 695 доллардан бошланади.

  1. Midsize SUV: Toyota Highlander Hybrid

Toyota Highlander Hybrid

Ўртача ўлчамли Toyota Highlander Hybrid катта ўлчамли юкларни ёки каттакон оилани ўзига сиғдиради, чунки учинчи қатор ўриндиқлари ҳам бор. Тўла узатмали бўлса-да, гибрид мотори ёнилғини яхшигина тежайди. 37 230 доллардан бошлаб сотиб олиш мумкин.

  1. Midsize Luxury SUV: Lexus RX 450h

Lexus RX 450h

Энг фойдали автомобиллар рейтингида японлар пешқадам. Кунчиқар юртнинг яна бир вакили Lexus RX 450h гибрид кроссоверидир. Нархи 54 010 доллардан бошланади.

  1. Minivan: Chrysler Pacifica

Chrysler Pacifica

Chrysler Pacifica микроавтобуси ўз сегментида хавфсизлик бўйича энг юқори баҳо олган ягона автомобилдир. Қолаверса, унинг гибрид модификацияси бўлиб, ёнилғини тежашда ундан яхшиси йўқ. АҚШда микроавтобус нархи 30 090 доллардан бошланади.

  1. Pickup Truck: Honda Ridgeline

Honda Ridgeline

Кунчиқар мамлакатнинг автогиганти Hondaга қарашли пикап кўплаб машҳур рейтингларда етакчи позицияни эгаллайди. Honda Ridgeline IIHS институтининг Top Safety Pick+ баҳосини олган ягона пикапдир. Унинг баҳосини 30 415 доллардан бошлаб сўрайверасиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"