Алмазбек Атамбоев JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхона фаолияти билан танишди

Алмазбек Атамбоев JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхона фаолияти билан танишди

Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев 24 декабрь куни амалий ташриф билан Самарқандга келди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбоев «JV MAN Auto-Uzbekistan» Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасига ташриф буюрдилар, деб ёзмоқда Uz24.uz.

Олий мартабали меҳмон қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

«JV MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонаси Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йил 16 февралдаги қарорига мувофиқ барпо этилган.
Бу ерда 15 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга замонавий юк машиналари, жумладан, автокранлар, изометрик фургонлар, сув ташиш машиналари, комбинацияланган йўл машиналари, канал тозалаш машиналари, бетон қоригич, пахта ва чиқинди ташиш машиналари ишлаб чиқарилмоқда.

Завод ҳудудида ташкил қилинган тайёрлов ва малака ошириш марказида юк автомобилларига техник хизмат кўрсатадиган механик ва чилангарлар ўқитилмоқда. Корхонада хавфсиз ва самарали бошқариш бўйича махсус «MAN ProfiDrive» дастури асосида оғир юк кўтарадиган машиналар ҳайдовчилари тайёрланмоқда. Ҳайдовчиларни ушбу тизим асосида ўқитиш ёқилғининг 20-30 фоизини тежаш, ҳаракатлантирувчи қисмлар ва трансмиссия элементларининг хизмат муддатини узайтириш, автомобилни хавфсиз бошқариш имконини беради.

Қирғизистон Республикаси Президенти замонавий стандартларга мувофиқ энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ва мамлакатимиз автомобиль саноатининг муваффақиятини намоён этадиган ушбу корхона фаолиятини юқори баҳолади.

Олий мартабали меҳмон завод ҳудудида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобиллар, юк машиналари, трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.