Америкаликлар қутисимон йўлтанламас-пикап тайёрлайди

Америкаликлар қутисимон йўлтанламас-пикап тайёрлайди

Нью-Йоркнинг Bollinger Motors фирмаси электрли ихчам йўлтанламас ясаётганлигини ошкор қилди. 2019 йилда чиқарилиши режалаштирилаётган машинанинг номи — Bollinger B1.

Машина асосида алюминий рама ётибди. Полда эса литий-ионли батареялар. Йўлтанламаснинг асос модификациясига тегишли аккумуляторларнинг сиғими 60 кВт∙соат. Унинг қуввати ёрдамида 190 км босиш мумкин. Қимматроқ версияси эса 100 кВт∙соат сиғимли бўлиб, 320 км йўлга етади. Биринчи батарея 7 соатда зарядланса, иккинчиси 12 соатда қувватга тўяди. Бироқ махсус зарядлаш терминали ёрдамида уларни 45 ва 75 дақиқада ҳам токка тўйдириш мумкин.

Bollinger B1ни умумий қуввати 360 от кучига тенг бўлган икки электромотор ҳаракатга келтиради. Юз тезликка 4,7 сонияда эришади, энг юқори тезлиги соатига 204 км. Осмасини ростлаб тубининг ердан баландлигини 250дан 500 ммгача ўзгартирса бўлади.

Унинг пикапга айлана олиши ҳам бир хусусиятидир. Агар томи ва ўриндиқларининг орқа қисмини олиб қўйсак, бинойидек юк машинасида ўтирасиз.

Хабар сарлавҳасида йўлтанламасга нега қутисимон, дея таъриф берганимизга диққат қилдингизми? Чунки унинг дизайни қути каби содда ва безакларсиз. Боз устига америкаликлар барқарор талабдан умидвор. Чунки универсаллиги ва экологик жиҳатдан афзаллиги унинг фазилатидир.

Шундай қилиб, электромобилсозлар биринчи “Боллингер”ни 2019 йилнинг февралида эгасини етказиб беришни режалаштирган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"