Антифризларнинг бир-биридан фарқи, уларни аралаштирса бўладими, оқиб кетса нима қилиш керак?

Антифризларнинг бир-биридан фарқи, уларни аралаштирса бўладими, оқиб кетса нима қилиш керак?

Сиз автомобиль сотиб олдингиз, бироқ унинг совутиш тизими тешик бўлиб чиқди. Таниш ҳолат-а? Оширғич (расширительный) бакда чайқалаётган суюқликдан яқинингиздаги магазинда сотади. Дарров олиб келиб, устидан қуйса бўладими-йўқми?

  1. Антифриз нима?

Юқоридаги вазиятда қандай иш кўришни билиш учун антифриз ўзи нималигига тўхталиб ўтамиз. Антифриз деганлари спирт (асосан, этиленгликол ёки пропиленгликол), дистилланган сув ва присадкалардан (оз миқдорда қўшилиб аралашманинг хусусиятини яхшиловчи препарат) таркиб топган совутувчи махсус суюқликдир. Антифризнинг асосий вазифаси двигателнинг ҳароратини пасайтириш бўлиб, катта ҳароратда қайнамайди ва паст ҳароратда музламайди. Присадкалар эса таъсирлашган металлни занглатмайди. Қизил-кўк ранги турли синфга мансублигини фарқлаш  учун қўшиладиган бўёқдир.

Барчамиз яхши биладиган кўк ТОСОЛ ҳам антифриз саналади. Катта ҳарфларда ёзганимизга эътибор бердингизми? Унинг номи “технология органического синтеза” (органик синтез технологияси) маъносини англатиб, спиртларнинг кимёвий синфига тегишлиликни билдирувчи “–ол” қўшимчаси қўшилган.

  1. Антифриз оқаётганлигини сезсангиз, нима қилиш керак?

Энг тўғри йўл худди шу рангдаги суюқлик харид қилиб устидан қуйиш бўлса ҳам шошилмай туринг.

Агар йўлда ёки шошилинч сафар олдидан антифриз оқиб кетаётганини сезсангиз, автомагазиндан дистилланган сув сотиб олиб тизимга қуйиш лозим. Агар тешик катта бўлмаса, антифризга бир оз сув қўшилишининг ҳечам зарари йўқ. Бу аралашма билан автосервисга етиб олиб, совутиш тизимингизни таъмирлатиш ва антифризни алмаштиришга улгурасиз.

Дейлик, сиз мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомобилни минасиз ва совутиш тизимига оддий тосол қуйдингиз. Унга маълум муддат давомида камини қуйиб тўлдириб юрса бўлади. Бу жиҳатдан автомобилларимизнинг тизими пишиқ ишланган.

Бироқ совутиш тизимингизда қизил, яшил, сариқ ёки бинафшаранг суюқлик бўлса, ранги мос келадиганидан қуйинг. Тешикни ямаганингиздан сўнг эса антифризни бутунлай алмаштиринг. Бир нарсани ҳисобга олинг: тизимни ювиш ёки радиаторни алмаштириш машинага янги антифриз қуйишдан кўра серҳашам ва қимматдир. Керак жойда тежаманг.

  1. “Доливка” керак эмас

Тизимга доимо турли антифриз қуйиб тўлдириб (“доливка” қилиб) юриш ярамайди. Негаки, ҳар хил аралашма қандай оқибатга олиб келишини олдиндан айтиб бўлмайди. Йўқ, қўрқинчли ҳодиса юз бермайди, бироқ антифриз ранги бўйича таснифланиши ва хусусиятида ҳам тафовут борлигини ҳисобга олиш керак. Антифризнинг устидан айни таркиблисидан қуйиш зарур. Бордию, асос спирт таркиби ёки ишчи характеристикаси ҳар хил бўлса, таркибидаги моддалар чўкиб қолиш эҳтимоли ҳам юқори.

Бундан ташқари кўп “доливка”да юриш ташвиш келтиради. Тизимдаги тешик борган сари кенгайиб ажойиб кунларнинг бирида сиз бакка қўшимча қуядиган суюқлик ҳажми йўлга оқиб кетган суюқлик ҳажмига тенглашади. Ишонаверинг, бу энг ноқулай фурсатда рўй беради.

Шу сабабли таъмирдан эринмаслик, харажатдан қочмаслик энг тўғри йўл. Биз сизни антифриз келтириб чиқариши мумкин бўлган ташвишлардан бохабар қилдик. Совутиш суюқлигини доимо тўлиқ алмаштириш кераклигини эсда тутинг. Унинг сатҳи камайганда эса турли антифризларнинг аралашмаси жадвалларини эмас, тешикни топишга урининг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"