АҚШ президентининг кортежи қандай машиналардан ташкил топган?

АҚШ президентининг кортежи қандай машиналардан ташкил топган?

АҚШ президентининг кортежи — бу, бир вақтнинг ўзида, жаҳондаги энг хавфсиз ва энг хавфли автокарвондир. Амалда у ғилдиракли Оқ уйнинг ўзгинаси: унинг таркибида махсус хизмат бўлинмаси, “ўчиргич”-машиналар, ҳукумат алоқаси воситалари билан таъминланган “Каккуқуш” ва ҳатто “ядровий тугма”ни олиб юрувчи алоҳида фургон ҳам бор. “Мотор” нашри Америка Қўшма Штатлари раҳбарининг кортежи қандай автомобиллардан ташкил топганини баён қилди.

Президент кортежи Махфий хизмат томонидан ишлаб чиқилган ва тасарруф этиш учун бевосита унга бириктирилган машиналардан, шунингдек, аниқ мақсадлар учун махсус ижарага олинган автомобиллардан ташкил топган. Одатда кортеж лимузинлар, кузатиб борувчи йўлтанламаслар ва фургонлардан иборат бўлади. Барча машиналар у ёки бу узоқ жойга ҳарбий-транспорт самолётлари ёрдамида етказилади. Агар президент бир кунда учта шаҳарга бориши керак бўлса (масалан, сайлов кампанияси вақтида шундай ҳолатлар кузатилади), ҳар бир шаҳарга олдиндан алоҳида самолёт билан алоҳида конвой жўнатилади.

Махфий хизматга бириктирилган президент лимузинларининг аниқ сони номаълум. Тахминларга кўра, уларнинг 16-20 тани ташкил этади.

Президент борадиган шаҳарга машиналардан ташқари, одатда, яна иккита вертолёт — VH-3D Sea King ёки VH-60N Black Hawk ҳам олиб келинади. Президентнинг ташрифи вақтида улардан умуман фойдаланилмаса ҳам, бу вертолётлар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг оғир “юк ташувчи” самолётлари ёрдамида манзилга етказилади: улар фавқулодда вазиятларда шошилинч эвакуация учун керак бўлиб қолиши мумкин.

Битта президент ташрифини ташкил этиш учун бир неча ҳарбий транспорт самолётлари керак бўлади ва бу ташрифлар давлатга жуда қимматга тушади. Машиналар C-17 ва C-5 Galaxy самолётларида ташилади.

Кортеж олдида “Йўналишни кўрсатувчи автомобиль”, “Биринчи машина”, шунингдек, “Тозаловчилар” боради. Улар колоннанинг асосий қисмидан бир неча сония аввал пайдо бўлиб, дастлабки “разведка”ни ўтказади. Одатда уларнинг бари полиция седанлари ва мотоциклларидан ташкил топади, бироқ баъзида улар билан бирга махфий хизмат йўлтанламаслари ёки “Хаммер”лар ҳам ҳаракатланиши мумкин — масалан, “қайноқ нуқталар”да шундай таркибдан фойдаланилади.

“Тозаловчилар”нинг кетидан Махфий хизматнинг бутун колоннага раҳбарлик қилувчи “Бошловчи автомобили” келади — бу ролда одатда Chevrolet Suburban йўлтанламаси ҳаракат қилади. Баъзан унинг ёнига ижарага олинган автомобиль қўшилиши мумкин. Мисол учун, АҚШ президентининг Буюк Британияга ташрифи вақтида автокарвонга BMW 7-Series машиналари ҳам бириктирилган эди.

“Бошловчи”нинг кетидан президентнинг суперзирҳли лимузини келади. Мазкур автомобиль бутун дунёга “Маҳлуқ” номи билан машҳур, президент хавфсизлик хизмати эса уни шартли равишда “Дилижанс” деб номлайди.

2009 йили “Кадиллак” томонидан алоҳида, сериялаб ишлаб чиқарилаётган автомобилларга ҳеч бир жиҳати билан ўхшамас лойиҳа асосида тайёрланган мазкур автомобиль ҳар турли айёр тизимлар билан таъминланган — ҳатто газ ҳужуми ҳолатида ҳавони тозалаш тизими ҳам бор. Бундан ташқари, автомобилда қайта қуйиш учун гуруҳи президентники билан бир хил бўлган қон захираси, тутунли парда чиқарувчи қурилма ва инфрақизил кўриш ускуналари мавжуд.

Президент лимузини шу қадар зўрки, эҳтимолий таъқибчилар учун “совға” — ўзидан кейин мойли доғлар ҳам қолдира олади.

“Дилижанс”нинг икки томонида иккита “захира” лимузини ҳаракатланади. Улар асосий автомобилнинг ҳақиқий нусхаси — Махфий хизмат шу учала автомобилнинг барига бир хил рақам белгиси “тақади”. Бу — эҳтимолий ҳужум қилувчилар президент айнан қайси лимузинда эканини била олмаслиги учун бир чора.

Бирор сабаб билан лимузиндан фойдаланилмаса, президент зирҳли Chevrolet Suburban’да ҳаракатланади — унинг таъминоти бироз камтарона. Махфий хизмат одатда қарийб шундай “Субурбан”ларда вице-президентларни олиб юради. Агар гап мамлакат бўйлаб саёҳатлар ҳақида бораётган бўлса, у ҳолда АҚШ давлат раҳбари X3-45 VIP 3 номли зирҳли катта автобусдан фойдаланиши мумкин.

Махфий хизмат буюртмасига асосан иккита X3-45 VIP 3 автобуси тайёрланган. Машиналар Prevost Car ва Hemphill Brothers Coach Company компаниялари томонидан ишлаб чиқилган.

Президент машинаси ёки автобуси ортидан милтилловчи қизил-кўк чироқли Chevrolet Suburban’ларда президентнинг шахсий қўриқчилари келади — одатда бундай машина ҳужум вақтида имкон қадар тезроқ муносабат билдириш мақсадида орқа ойналари туширилган ва орқа багаж бўлмаси деразаси очилган ҳолда ҳаракатланади.

Шахсий қўриқчилар йўлтанламаси кетидан “ўчиргич”-машина келади: уни яна “Қўриқчи минораси” деб ҳам аташади. Одатда бу ролда томига ҳар турли антенналар ўрнатилган Chevrolet Suburban ҳаракат қилади. “Ўчиргич”лар ҳар қандай сигналларни ўчиради, лазерли қаратишларни пайқай олади ва ҳатто учувчисиз учар қурилмаларни ҳам “кўради”.

Чапдаги машина — президентга ҳамроҳлик қилаётган “ўчиргич”. Шунга ўхшаш антенналар Ироқ ва Афғонистондаги урушларда қатнашган зирҳли техникаларга ҳам ўрнатилади ва улар кўплаб танк экипажларини ўлимдан сақлаб қола олган.

“Қўриқчи минораси”нинг кетидан қўриқлаш хизматининг қолган ходимлари, президентнинг шахсий шифокори, шунингдек, “ядровий чемоданча” жойлашган фургонлар ёки йўлтанламаслар келади.

Конвойнинг кейинги аъзолари — жуда хавфли йигитлар, Махфий хизматнинг махсус бўлинмаси. Ҳужум юз берган вақтда улар биринчи бўлиб жангга киради ва президент эвакуация қилинмагунича уни ҳимоя қилади. Президентнинг шахсий қўриқчилари каби, бу каллакесарлар ойналари очиқ машиналарда ҳаракат қилади. Бироқ, олифта костюмдаги шахсий қўриқчилардан фарқли ўлароқ, улар тегишли формада бўлади — қўлда эса снайперлик милтиқлари, автоматлар, ёруғлик-шовқин таратувчи гранаталар.

Махсус бўлинманинг шундоқ ортидан эса разведканинг иккинчи машинаси боради. Конвой учун йўлни очиб борувчи “Тозаловчилар” айнан йўлдаги вазиятни назорат қилса, разведканинг иккинчи машинаси йўналиш бўйлаб қўйиб чиқилган полиция ходимлари ва фуқаро либосидаги хизматчилар билан мунтазам алоқада бўлади. Улар президент кортежи ўтгунига қадар йўлдаги барча муаммоларни ҳал қилиб қўйиши керак.

“Разведкачилар”дан сўнг конвойнинг энг сирли автомобили — “тез ёрдам”га ўхшаш қора фургон ҳаракатланади, машина ичида биологик ёки кимёвий ҳужум вақтида президент ҳаётини сақлаб қолувчи нимадир бор. Унинг вазифаси — “хавфли моддалар таъсирини камайтириш”. Машина ичида нима бору, у қандай ишлайди — жумбоқ.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, “Маҳлуқ”нинг оғирлиги 6,8-9,1 тонна оралиғида. Бундай зирҳли автомобилда бурилишни амалга ошириш — ҳақиқий санъат!

Карвоннинг охирида матбуот хизматининг машинаси, шунингдек, “Каккуқуш” — ҳукумат алоқаси воситалари билан таъминланган Suburban ҳаракатланади. Айнан шу машина президентнинг бутун дунё билан алоқада бўлишини таъминлайди. Ёки Пентагон билан алоқада бўлишини. Вазиятдан келиб чиқиб, “ядровий чемоданча” баъзан шу автомобилда олиб юрилиши ҳам мумкин.

prezident-8

Ҳукумат алоқаси машинаси — “Каккуқуш”ни антенналар ва томидаги “ўркач”дан осон таниб олиш мумкин.

АҚШ президентининг кортежи қанчалик зўр таъминланган ва ҳимояланган бўлмасин, унинг ҳаёти учун патруль седанлари ва мотоциклларидаги энг оддий полициячилар ва мутлақо оддий “тез ёрдам” кафил, холос. Махфий хизмат қора кўзойнак таққан ва дефибриллятори бор учар фаришталарни ўйлаб тополганича йўқ. Ҳозирча ўйлаб тополганича йўқ.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.