Artel ва Ravon Motors Rus ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолади

Artel ва Ravon Motors Rus ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолади

Жорий йилнинг март ойи бошида Artel ва Ravon Motors Rus компаниялари ўртасида ҳамкорлик ҳақида шартнома имзоланди. Бу битимга кўра, General Mobile Android One телефонлари Россияга промо-акция амалга ошириш учун етказиб берилди, унга кўра, Ravon автомобилини харид қилган ҳар бир инсон General Mobile Android One телефонини совға сифатида олади. Ушбу акция Ravon автомобилларининг Россиядаги савдосини рағбатлаштиришга мўлжалланган, деб ёзади Sof.uz.

Artel савдо белгиси мобил телефонларининг танланиши тасодифан эмас. Россиядаги йирик тадқиқот лабораторияларидан бирида турли брендлар телефонлари техник талаблари қатор синовлардан ўтказилди. Бу синовлар давомида General Mobile Android One телефони Россия истеъмолчилар бозори техник талабларига мос келиши тасдиқланди ва бошқа номзодлар орасидан танлаб олинди.

Лойиҳа доирасида General Mobile Android One телефони учун махсус илова ишлаб чиқилди, у ҳайдовчининг ўз автомобили билан самарали «мулоқоти»ни йўлга қўйишга мўлжалланган. Масалан, иловада ҳайдовчи учун керакли бўлган барча маълумот бўлади, улар орасида Ravon сервис марказлари манзиллари ва телефон рақамлари ҳам бор. Илова шунингдек, ҳайдовчини мойни ўзгартириш кераклиги ёки техник кўрикдан ўтиш муддати яқинлашаётгани ҳақида ҳам хабардор этиши мумкин.

Ушбу лойиҳа тажрибавий бўлиб, Россияда муваффақиятли амалга ошса, Ravon автомобиллари экспорт қилинадиган бошқа мамлакатлар, жумладан, Қозоғистон, Украина ва Озарбойжонда ҳам шундай таклиф амалга татбиқ этилиши мумкин.

Бундай ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар икки экспортчи компания учун қизиқдир. Бундан ташқари, бундай турдаги лойиҳалар ҳар икки ишлаб чиқарувчи маҳсулотини янада оммалаштириш имконини беради. Бу эса Ўзбекистон экспорт салоҳиятига ижобий тарзда таъсир кўрсатади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.