Арзон уй-жойга автомобиль қўшиб берилмоқда

Арзон уй-жойга автомобиль қўшиб берилмоқда

Арзон уй-жойга енгил автомобиль қўшиб берилмоқда, деб маълум қилган жорий йилда 190 дан зиёд уй-жой қурилишини молиялаштирган «Ипотека-банк» матбуот-хизмати. Бу ҳақда Ўзбекистон Ҳукумат портали расмий сайтида хабар берилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори Ипотека-банк» ходимларини ҳам янги марралар сари руҳлантирган.

Банк матбуот хизмати маълум қилишича арзон уй-жойлар учун пул тўлаётган мижозларга «Имконият» номли ютуқли омонат ҳам таклиф қилинган эди. Бу тадбирлар жорий йилнинг 10 январидан 1 апрелига қадар давом этган. Ана шу муддатда бошланғич маблағ тўлаган фуқаролар ихтиёрий равишда унда иштирок этди.

Айни пайтда ютуқли лотереяда 5 минг 535 нафар, хусусан, Тошкент шаҳридан 2 минг 382 омонатчи иштирок этди. Ютуққа 500 га яқин қимматбаҳо маиший техника ва 14 дона «Spark» автомобили қўйилган эди. Бугун ана шу ютуқларнинг ғолиблари аниқланган.

«Мақсад ёш оилалар, эскирган уй-жойларда яшаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифадаги фуқароларни арзон, қулай, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш, турмуш даражасини янада ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашдир», — дейилади банк матбуот-хизмати хабарида.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.