Асакадаги автозавод GMнинг янги моделларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди

Асакадаги автозавод GMнинг янги моделларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди

GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларига сифат интеграция қилинганлигини белгилаб берувчи BIQ-III (Built-In Quality) сертификатини қўлга киритди.

BIQ III сертификатининг берилиши автозаводга GM глобал платформаларидаги барча автомобилларни ўзлаштириш имконини беради. Ҳозирда заводда Chevrolet ва Ravon брендлари остида автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.

"Бу сўнгги уч йил давомида автозаводда амалга оширилган ва сифат талабларини тўла бажарилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар натижаси бўлди. Ўтган вақт мобайнида технологик ускуналар тўла модернизация қилинди ва уларнинг таркиби янгиланди, GM компаниясининг ишлаб чиқариш жараёнларини бошқаришга йўналтирилган янги тизим ва инструментлари жорий қилинди, корхона ҳодимлари GM компаниясининг Жанубий Корея, Хитой, Тайланд, Ҳиндистонда жойлашган заводларида ўқиб қайтишди ", —дейилади GM Uzbekistan хабарида.

Сертификатни қўлга киритиш учун 44 та кўрсаткич бўйича талабларга тўла жавоб бериш лозим. Текширув General Motors корпорациясининг Жанубий Корея, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистондаги мутахассислари томонидан ўтказилди. Натижалар Асака автомобиль заводи ушбу стандартлар бўйича 100 фоиз талабга жавоб беришини кўрсатди (минимал даража — 95,5%). Сертификат GM International компанияси вице-президенти Фил Кинли томонидан топширилди.

Бугунги кунда Асака автомобиль заводида 8 мингдан ортиқ ходимлар фаолият кўрсатмоқда. Заводнинг умумий майдони 72 га бўлиб, йилига 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга. Яқин йилларда GM Uzbekistan иккита янги модел Tracker йўлтанламаси ва замонавийлаштирилган Cobalt автомобилларини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Мавзу:

#GM Uzbekistan

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.