Aston Martin қирувчи самолёт шарафига суперкар ясайди

Aston Martin қирувчи самолёт шарафига суперкар ясайди

Aston Martin чекли нусхада ишлаб чиқарадиган Vantage V12 S Spitfire 80 суперкари иккинчи жаҳон урушидаги Англиянинг Spitfire номли машҳур қирувчи самолётларидан бирига бағишланади.

1936 йилнинг июлида Supermarine Spitfire қирувчи самолётининг ёзги синаш ишлари тугалланган эди. Supermarine Spitfire урушнинг энг яхши қирувчи самолётларидан дея тан олинган.

Суперкар бор-йўғи саккиз нусхада ишлаб чиқарилади.

Автомобилларнинг барчаси қирувчи самолёт сингари сариқ йўл-йўли бор зангори рангга бўялади. Олдидаги карбон бампери ҳавокесар (сплиттер) билан бирлашган, тутун чиқариш қувурчаси самолётга хос шаклда бўлади. Салон полида чармдан тўшамалар, ўриндиқларга эса қирувчи самолётнинг тасвири туширилади.

Албатта суперкарнинг ўзи ҳам қирувчи самолётдек шиддатли ишланмаса бўлмайди. 5,9 литрли 12 цилиндрли двигатель 573 от кучини етказиб беради, айлантириш моменти 620 Н∙м. 3,9 сониядаёқ юз тезликка чиқади, энг юқори тезлиги эса соатига 305 км.

Суперкарни харид қилишни истаган давлатманд одам 180 минг фунт стерлинг санаб беришига тўғри келади. Бу 240 минг доллар деганидир. Дарвоқе, харидор сарфлаган маблағига ачинмаса бўлади, чунки бу пул хайрия ишларига йўналтирилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"