Audi A8 ҳайдовчисиз VIP-таксига айлантирилди

Audi A8 ҳайдовчисиз VIP-таксига айлантирилди

Audi компанияси Берлин халқаро кинофестивалида “автоном VIP-такси” прототипини намойиш қилди. Ҳайдовчисиз машина бир оз узайтирилган A8 L W12 седани асосида ишлаб чиқилди.

Автомобиль мустақил равишда актёр Даниэл Брюль ва унинг дугонасини уйидан олиб, сўнгра уларни маросим бўлаётган Потсдам майдонидаги театрнинг қизил йўлакчасига қадар элтиб қўйди. Машина теварак-атрофни бир қатор сенсор ва камералар, Берлиннинг ўта аниқликдаги харитасига асосланиб илғаб борди.

Сунъий идрок шундай дастурландики, унда қувиб ўтиш ва тормоз энг юқори даражадаги аниқликда режалаштирилган. Ҳайдовчисиз таксида театрга етиб келган Брюль седаннинг ўта енгил ҳаракатлангани ва барчасини мукаммал даражада адо этганини айтиб ўтди.

“Биз ҳайдовчисиз автомобилни пойга мусобақалари ва тезкор магистрал йўлларга олиб чиқа олишимизни кўрсатдик. Энди эса биз Берлин йўллари бўйлаб шаҳарнинг мураккаб транспорт ҳаракатидан максимал даражада енгиллик билан ўта олдик”, — деди Audi муҳандиси Штефан Книрш.

2015 йил аввалида Audi A7 базасида яратилган ҳайдовчисиз хэтчбэк АҚШдаги Кремний водийсидан Лас-Вегасгача бўлган 900 километр масофани мустақил равишда босиб ўтган эди. Кейинроқ эса худди шу автомобиль немис автобан(тезкор магистраль)да соатига 130 километр тезлик билан ҳаракатланиб, синовдан муваққиятли равишда ўтди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!