Audi электрoкроссовери суратлари эълон қилинди

Audi электрoкроссовери суратлари эълон қилинди

Германиянинг AutoBild журнали Audi’нинг e-tron quattro концепт-кроссоверининг илк тизер-фотосуратларини эълон қилди. Халқаро премьераси жорий ҳафта Франкфурт автосалонида бўлиб ўтадиган мазкур модель дизайни шу вақтгача фақат расмларда кўрсатилган эди.

Концепт ҳозирги вақтда Audi Q7да фойдаланилаётган иккинчи авлод MLB модуль платформаси асосида қурилган. Габарит кўрсаткичлари бўйича у Audi моделлари орасида Q5 ва Q7 оралиғидан жой олади. Ҳар қандай йўлда ҳаракатлана оладиган мазкур электрокроссовер фаол аэродинамик элементлар, органик ёруғлик диодли (OLED) асосдаги матрицавий чироқлар, классик quattro-машиналар услубида ишланган радиаторнинг хромли панжарачаси билан таъминланади.

Audi e-tron quattro кроссовери

Audi e-tron quattro кроссовери

Автомобилнинг двигатели ҳақида ҳозирча фақат бир нарса — бир марта қувватлантирилганида 500 километргача йўл босишга имкон бериши маълум. Эътиборли томони, аккумляторлар автомобилнинг икки ўқи оралиғида жойлашган (худди шундай батареялар R8 e-tron суперкарида ҳам бўлиши кутилмоқда).

Audi e-tron quattro’нинг сериялаб ишлаб чиқариладиган варианти, тахминларга кўра, Q6 деб аталади. Моделлар қаторида шундай номдаги машина пайдо бўлишини компания раҳбарияти 2015 йил ёзида тасдиқлади. Q6 автомобили Tesla Model X кроссоверига рақобатчи бўлади.

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.