“Аватар” номли машина яратилди

“Аватар” номли машина яратилди

Англиянинг Marlin фирмаси Avatar Roadster номли йўлак спорткари ясади.

Машина умумий фойдаланиш йўлларида юриш учун сертификат олди. Унинг тузилиши жуда содда, жўн деса ҳам бўлади. Умумий рамага карбонпластик панеллар кийдириб кузов ясалган, ҳатто эшик ҳам қолдирилмаган.

Спорт автомобилига иккита Форд турбомотори ўрнатилган: 2 литрлиси 250 ва 2,3 литрлиси 350 от кучига эга. Айлантириш моменти орқа ўққа ҳаракатни беради. Машина вазни 700 кг. Инглиз спорткарининг ўзига хосликларидан бири ростланувчи осмаси (регулируемая подвеска) ва ўзи блокланувчи дифференциалидир. Икки литрли двигатель билан юз тезликка чиқиш учун 3,9 сония керак,  энг юқори тезлик 241 км/соатни ташкил этади.

Йўлак учун (аниқроғи, пойга йўлаги) учун мўлжалланган тури (track car) эса 2,7 Audi литрли твин-турбо мотори билан жиҳозланган, қуввати 450 от кучига тенг. Avatar Roadster ҳаммаси бўлиб 25 нусхада ишлаб чиқариш режалаштириляпти. 250 от кучига эга асосий турининг нархи 29450 фунт стерлинг (44 минг доллар атрофида). 350 от кучига эга спорт автомобили эса 34450 фунт стерлинг (51480 доллар) туради.

Marlin фирмаси кит кар (инг. Kit car) ишлаб чиқариши билан танилган. Кит карни “компонентли автомобиль” деб ҳам аташади. Асосий рақобатчилари BAC, Caterham ва Ariel фирмалари бўлиб, улар ҳам шу нархдаги содда спорткарлар ишлаб чиқаришади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"