Автомобиль савдоси тақиқланади: сабаблар, тестлар, можаролар…

Автомобиль савдоси тақиқланади: сабаблар, тестлар, можаролар…

Volkswagen концерни дизель автомобилларининг АҚШ да тақиқланиши ортидан Европада ҳам автомобилга тақиқлар бошланиб кетди. Аввал Швейцария ва Италия тақиқ киритди. Дизельгейт деб ном олган можаронинг сабаби – экологик тест натижасини сохталаштирувчи дастур жойланганлиги бўлди.

Кўп мамлакатларда автомобилни сертификациялашнинг қатъий талаблари мавжуд, шартларга жавоб бермаган машина сотувга қўйилмайди. Ундан ташқари Европа, АҚШ ва Осиёда кучлироқ талаблар билан текширадиган нотижорат ташкилотлар бор. Улар, нафақат, бир моделнинг, балки компаниянинг обрўсини тушириб юборишлари ҳам мумкин. Мамлакатда ўрнатилган экологик меъёрларга тўғри келмайдиган ҳар қандай автомобиль тақиқ остига тушиш эҳтимоли бор.

АҚШ – Tesla

Tesla электромобилини АҚШ нинг Техас, Аризона, Ғарбий Виржиния, Нью Жерси ва Шимолий Каролина штатларида тақиқлашди. Бунинг сабаби компания маркетинг стратегиясининг ўта инновационлиги бўлди. Tesla электромобилларини ўзининг шоурумлари (намойиш зали) орқали сотади, маҳаллий қонунчиликка кўра эса автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг дилерлик марказлари тақиқланган. Аммо барча штатлар ушбу тақиққа қўшилгани йўқ.

АҚШ — Land Rover Defender

Экологик талабларга жавоб бермасдан, классик Land Rover Series III автомобили АҚШ бозорини 1974 йилда тарк этган. Йигирма йил ўтгач, Англия компанияси такомиллашган Defender версиясини қайта бозорга олиб кирди. Аммо беш йил ўтиб машинада хавфсизлик ёстиқчаси ва ёндан зарбни тўсувчи восита йўқлиги сабабли яна АҚШ бозоридан кетди.

Европа — Mazda RX8

Mazda RX8 ҳам экологик талабга жавоб бермаганлардан. 2009 йилда Европа янги стандартга ўтди, Mazda RX8 эса бу стандартга тўғри келмагани туфайли бозор унга эшигини ёпди. Кўп ўтмай машина ишлаб чиқаришни ҳам тўхтатди.

АҚШ — Suzuki Samurai

Баъзида машина олиб киришни тақиқлаш шарт эмас, унинг нуфузига доғ тушса етарлидир. 1988 йилда Consumer Reports америка истеъмолчилар иттифоқи Suzuki Samurai автомобили кескин бурилаётганда ағдарилиб кетиши мумкин, деган хулосани берди. Suzuki 1996 йилда “Самурай” автоси савдосини тўхтатди, аммо Consumer Reports иттифоқини судга берди. Истеъмолчилар иттифоқи эса машина кескин бурилганда содир бўлган авария қурбонлари статистикасини тарқатди. 2004 йилда томонлар муросага эришдилар, аммо Suzuki Samurai қайта сотилмади.

Европа — Landwind X6

Landwind X6 машинаси немис автоклуби ташкил қилган зарб билан синаш тестидан (краштест) ўта олмаган. 64 км/соат тезликда урилган машинага Landwind X6 дош беролмади, салондаги йўловчилар эса муқаррар “ҳалок бўлишди”.

Германия — Shuanghuan SCEO

 

Хитойликлар нусха кўчиришга устаси фаранглиги оламга маълум. Аммо авто соҳасида нусха кўчирганлари панд берди. 2008 йилда BMW компанияси X5 моделига ўхшаганлиги учун Хитойнинг Shuanghuan SCEO машинасини тақиқлашга эришди. Италияда эса Fiat Panda нинг клони бўлган Great Wall плагиат учун жаримага тортилди.

Исроил — Chevrolet SS

Исроил ҳукумати Chevrolet SS спортседанига тақиқ қўйганининг сабаби экология эмас, машина нусхаси кўчирилмаган, давлат стандартларига ҳам жавоб беради. Яҳудийларга машинанинг SS номи ёқмади. Чунки иккинчи жаҳон урушида фашистларнинг СС чилар отряди бўлган. Автомобилни ишлаб чиқарганлар эса бор-йўғи Super Sport сўзларининг бош ҳарфларини олишган эди.

Жанубий Корея — Corvette Stingray

Corvette Stingray С7 суперкари Жанубий Кореяда ман қилинишига сабаб машина тезликни оширганда товуши 100 децибелдан ортиб кетишидир. Бу эса маҳаллий меъёрнинг рухсат этилган даражасидан баланд ҳисобланади.

Миср – Chevrolet

2012 йилда Мисрда салафийлар шайхи Chevrolet автомобилининг капалаксимон эмблемасида хоч тасвирини кўрди ва тақводор мусулмонлар бу машинада юрмасин, дея фатво чиқарди. Аммо бу фатво билан Мисрда Chevrolet савдоси тўхтаб қолгани йўқ.

Туркманистон — Audi, Mercedes-Benz, BMW

Туркманистон нашрлари номаълум сабабга кўра Audi, Mercedes Benz ва BMW маркали автомобилларни мамлакатга олиб киришга чеклов қўйилганини ёзишмоқда. Ғалати тақиқлар ўрнатиш бўйича Туркманистон қолганлардан мутлақ олдинда. Туркман қардошларимиз рули ўнг томонда машиналарга, икки эшикли ва спорт моделларига, двигател ҳажми 1.3 литрдан кичик ва 3.5 литрдан юқори бўлган автомобилларга тақиқ қўйганлар. Ҳукумат Ашхободни оқ шаҳар дея эълон қилганда қора рангли ва ойнаси қорайтирилган машиналар ман этилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"