Автомобиль учун энг муҳим олти опция

Автомобиль учун энг муҳим олти опция

Ҳозир рақамли инновациялар билан ҳайдовчини ҳайратлантириб бўлмайди. Ҳатто, автопилот катта қизиқиш уйғотмаяпти. Электрон тизимлар автомобиль оиласининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланмоқда. Аммо уларнинг энг муҳимлари қайси?

Тўқнашувдан огоҳлантириш тизими

Бу технология нисбатан янги, бироқ ишқибози кўп. Ҳайрон қоларли ери йўқ, чунки олдиндаги автомобиль ёки бирор объект билан тўқнашиш эҳтимолидан огоҳлантирувчи тизим жуда фойдали нарса.

Машина объектга жуда яқин қолганда ақлли қурилма ҳайдовчига овозли ва ёруғлик сигналини беради. Бордию, ҳайдовчи парво қилмаса, автоматик тормозланиш тизими ишга тушади.

Ҳайдовчилар бу тизимнинг фойдалилигини дарҳол эътироф этишди. Яқин-орада энг арзон машиналар ҳам у билан жиҳозланиб чиқарилади.

Бу опциянинг нафини Америка йўл ҳаракати суғурта хавфсизлиги институти (IIHS) ва АҚШ йўл ҳаракати хавфсизлиги Миллий маъмурияти (NHTSA) ҳам тасдиқлади. Тўқнашув тестларида мутахассислар шошилинч автоматик тормозланиш тизимининг ишини алоҳида баҳолайди. Автомобиль синовда юқори балл олиши учун тизим идеал даражада ишламоғи зарур.

Орқа тўхтатгич радар (парктроник)

Бу тизимдан ҳайдовчилар фойдалана бошлаганига анча бўлди, аммо машҳурлиги камайгани йўқ. Орқадаги объектга яқинлашаётганидан огоҳлантирувчи датчикларга, асосан, тажрибасиз ҳайдовчилар суянади. Бундан ташқари катта кроссовер ҳайдовчиларига ҳам у асқотади.

Қизиғи шундаки, кўпчилик илгари олд тўхтатгич радарга қизиққан. Кейинроқ эса орқа парктоник оммалашиб кетган. Товушли сигнал кўпчилик темир тойчоқларнинг орқасини асраб қолган.

Орқа тўхтатгич радарлар, одатда, автоматик шошилинч тормозланиш тизими билан бир комплектда бўлади. Бу опция пиёдалар ҳимоясида ҳам қўл келади.

Ҳайдовчининг яна бир дўсти орқани кўрсатувчи камерадир. Унинг аҳамияти бошқа опцияларникидан кам эмас. Таъкидлаш керакки, Европанинг кўпгина мамлакатларида орқани кўрсатувчи камера мажбурий жиҳозга айланмоқда. АҚШда эса шу йилнинг январидан бу талаб кучга кирди.

Туманга қарши олд фаралар

Юқоридагилардан фарқли равишда бу опцияни ақлли деб бўлмайди, бироқ фойдаси катта. Айниқса, туманли, ёмғир ва қорли шимолий минтақаларда яшайдиганлар учун яхши топилдиқ. Қийин метеошароитларда оддий фаранинг нури қор зарралари ва ёмғир томчиларида акс этиб, кўришни қийинлаштиради. Бу хавфли.

Туманга қарши фаралар фақат амалда фойдаланиши учун эмас, эстетик жиҳатдан ҳам афзалдир. Чунки бундай фарали автомобиль салобатли ва қиммат бўлади.

Кўринмас зоналарни кўриш тизими

Қанчалик моҳир бўлмайлик, танамизнинг барча ерини кўролмаганимиз сингари, автомобиль қанчалик идеал бўлмасин, кўринмас зоналари бўлади. Ён ойна ҳар доим ҳам кўмакчи бўлолмайди. Кўринмас зонани кўрувчи тизим эса ҳайдовчининг кўрар кўзидир. Бу тизим яқинда пайдо бўлди, шунинг учун қимматроқ туради. Шунга қарамай, унга талаб юқори. Чунки машинани уриб олсангиз, таъмирлаш ундан қиммат туради.

Яккатезлик тизими

Ғарбда “круиз-контрол” деб юритилувчи тизимни вазифасидан келиб чиқиб “яккатезлик” дея номладик. Олдин фақат қиммат машиналарда ўрнатилган бўлса, бугун ҳар қандай машинада учратиш мумкин.

Ушбу функция вақт ўтган сари такомиллашиб борди. Ҳозир у тезликни ошириш билан бирга пасайтира олади. Аммо мослашувчан яккатезлик, ҳозирча, фақат қиммат машиналарга ўрнатилишини айтиб ўтишимиз лозим.

USB улагичлар

Ўн йил олдин ким ўйлабди дейсиз, автомобилга USB улагич ўрнатилишини. Даставвал қиммат машиналарга USB тешик очилган бўлса, ҳозир арзон русумлар ҳам бирин-кетин “тешилмоқда”.

USB улагичга ахборот-кўнгилочар тизимни улаш мумкин. Турли қурилмаларни зарядласа бўлади, филм кўриш ёки мусиқа тинглаш имконини тақдим қилади. Бугун USB улагич автомобилдаги энг оммалашган опциядир.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"