Автомобилда дарахт ўстирса бўладими (видео)?

Автомобилда дарахт ўстирса бўладими (видео)?

Бўларкан. Rinspeed деганлари машина эмас, гаджет. Юриш хусусиятига эга холос.

Двигателининг қуввати билан қизиқяпсизми? Бошқариш қулайлигини сўрамоқчимисиз? Нима фарқи бор, келажакда бу каби арзимас майда-чуйдалар мижозларни қизиқтирмайдиJ. Сизни олиб юриши керак бўлган автобус ёки поезднинг қуввати билан қизиқмайсиз-ку, тўғрими? Муҳими – салонида Wi-Fi бўлсин.

Бироқ поезд ёки автобусдан фарқли равишда Rinspeed Oasis манёврчан транспортдир. Машина табиат билан уйғун, унда, ҳатто, дарахт ўстирсангиз бўлади. Масалан, баҳорга яқин помидор, бодринг экиб қўясиз. Ўзининг иқлим назоратчиси ва суғориш тизимигача бор. Эрта баҳорда ўз қўлинг билан узиб еганга нима етсин?

“Оазис”нинг яна бир хусусияти сўзамоллигидир. У ҳайдовчи билан салом-аликни канда қилмайди, пиёдага эса, масалан, “атайлаб сиз учун тезликни пасайтирдим, кесиб ўтишингиз мумкин” деган ёзувни тақдим этади. Автомобиль, ҳаттоки, бегоналарни таништира олади. Айтайлик, салонга бегона инсон ўтирди. Машина уни дарҳол таниб (ижтимоий тармоқларга раҳмат) унга ёқадиган мусиқани эшиттиради. “О-о, сиз ҳам Иглесиаснинг мухлисимисиз?” Қарабсизки, гап-гапга қовушади.

Автопилот, электрли двигатель деганлари ҳақида эслашнинг ҳам ҳожати йўқ. Биргина афзаллигини айтиб ўтамиз – унинг батареяси алмаштирилади. Ҳа, зарядлаб ўтирмайсиз, худди фотоаппаратнинг батареясини алмаштирган каби оппа-осон алмаштирасиз. Жонажон машинанинг батареяси қачон тугашини олдиндан пайқайдиган ғамхўр технология керакли жойга аравачада ўзи батареяни юборади. Батарея енгилгина.

Фақат бир томони бор. Хурсанд бўласизми ё хафа бўласизми, келажак машиналари шахсий эмас, умумий бўлади. Машинани чақирдингиз, етиб келиб сизни манзилингизга элтди. “Раҳмат” айтиб тушасиз, албатта тўловини қилгансиз. Шу билан машина табиатсевар бошқа мижознинг олдига кетади. Ана шунақа гаплар.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"