Автомобилга табиий офат eтказган зарарни суғурта компанияси қоплайдими?

Автомобилга табиий офат eтказган зарарни суғурта компанияси қоплайдими?

Шу ой республикамизнинг айрим ҳудудларида кучли шамоллар кузатилди. Айниқса, Тошкент шаҳридаги табиат ҳодисалари аҳолини бироз қўрқувга ҳам солди. Шамол натижасида кўплаб дарахтлар автомобиллар тўхташ жойи ва йўлнинг қатнов қисмларига қулаб тушди, деб Darakchi.uz ёзмоқда.

Шунингдек, баъзи уйларнинг томлари зарар кўрди. Аксарият ҳудудларда симлар тўқнашуви оқибатида электр энергияси таъминотида узилиш юз берди. Пойтахтнинг марказий кўчалари бўйлаб катта ҳажмдаги реклама баннерлари, йўл ёқасидаги дарахтлар ва айниқса аҳоли турар жойлари олдида қолдирилган автомашиналар ҳам яхшигина зарар кўрди. Шу куннинг ўзидаёқ интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг турли мавзеларида кучли шамол натижасида рўй берган нохуш ҳолатлар акс этган видео ва суратлар намоён бўла бошлади.

Улар ичида энг эътиборни тортгани кўп қаватли уйлар олдида турган, зарарланган автомашиналар бўлди. Табиийки, интернет фойдаланувчилари орасида бу ҳолат қизғин мунозарага сабаб бўлди. Яъни, кимдир ушбу шикаст етган автомашина зарарини суғурта компанияси тўлаб бериши лозим, дея изоҳласа, яна бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси, бу каби табиий офат сабаб етказилган зарар бадали учун суғурта компанияси жавобгар эмас, дея таъкидламоқда. Хўш, аслида-чи?

СУҒУРТА ТУРИГА БОҒЛИҚ…

Ортиқхўжа Норов, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси матбуот хизмати бошлиғи:

  • Аввало, шуни айтиб ўтиш жоизки, суғуртанинг мажбурий ҳамда ихтиёрий турлари мавжуд. Агар автомашина ихтиёрий суғурта тури буйича суғурталанган бўлиб, суғурта шартномасида суғурта ҳолатлари сифатида содир бўлган табиий офат оқибатида етказилган зарарнинг қопланиши белгиланган бўлса, бундай ҳолда албатта суғурта компанияси етказилган зарарни тўлаб беради.

Республикамизда амалдаги “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги (ТВЭФЖМС) Қонунга мувофиқ, суғурталовчининг учинчи шахс олдидаги жавобгарлиги суғурталанган бўлиб, унинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига ушбу суғурта ҳодисаси оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини шартномада шартлашилган ҳақ, яъни суғурта мукофоти эвазига суғурта пули доирасида қоплаш мажбуриятини олади. Бунда табиий офат суғурта ҳодисаси сифатида кўзда тутилмаган.

  • МАЪЛУМОТ УЧУН

Айни пайтдаги транспорт воситаларини мажбурий суғурта қилдириш тўлови 4 та жиҳатга:

  • Транспорт воситасининг от кучига кўра;
  • Ҳайдовчининг стажи;
  • Ҳайдовчининг ёши;
  • Ҳудуд категориясига кўра белгиланади.

Масалан, 41 от кучига эга автомашина, 22 ёшдан ошган ва 5 йилдан ортиқ стажга эга ҳайдовчининг Тошкент шаҳридаги транспорт воситаси учун 1-марта суғурта тўлови 48.875 сўмни ташкил этади.

  • : суғурта тўлови сўммалари айни пайтдаги АҚШ долларининг Марказий банк курси бўйича ҳисоблаб чиқарилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, хоҳ ихтиёрий бўлсин, хоҳ мажбурий, ҳар қандай вазиятда ҳам транспорт воситаларини суғурта қилдириш қатор афзалликларга эга. Муҳокамаю мунозараларга сабаб бўлган табиий офат натижасида нафақат зарар кўрган автомашина эгалари, балки ушбу саҳифани ўқиганлар ҳам бугунги кунда ихтиёрий суғуртанинг ҳам ўта аҳамиятли эканлигини ҳис этишса, ажабмас.

Фарида ЭГАМБЕРДИЕВА тайёрлади

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.