Автомобилини нотўғри жойга қўйганлар билан ИИББ қаттиқ курашмоқчи

Автомобилини нотўғри жойга қўйганлар билан ИИББ қаттиқ курашмоқчи

Тошкент шаҳрининг Ички ишлар бош бошқармаси машинасини ноўрин жойга қўйган ҳайдовчиларга қарши кураш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда.

Ушбу чоралардан бири автоматлаштирилган комплексларни қўллашдир. У оддий автомобилга маҳкамланувчи махсус қурилма бўлиб, қоида бузган машинанинг давлат рақамини автоматик равишда суратга туширади.

Аввало ҳар бир машинанинг йўналиши белгиланади ва машина қўйиш тақиқланган йўл қисмлари GPS ёрдамида белгиланади. Мазкур зонага киргач, тизимнинг ўзи видеофиксацияни ишга туширади. Камераларнинг бири умумий кўринишда тасвирга олса, иккинчиси қоидабузар машинанинг давлат рақамини суратга туширади.

Ҳозирги кунда қоидабузарлар билан инспекторлар эвакуаторлар воситасида курашмоқда. Бироқ ноўрин жойланган машиналар кўплигидан эвакуатор уларни ташиб улгурмаяпти. Шунинг учун яқин кунларда жарима ундириш йўли енгиллашиб қолиши кутилмоқда.

Тошкент ИИБ бошқармаси бошлиғи генерал-майор Рустам Жўраев қоидабузар машинани суратга олиб, унинг давлат рақами ва суратга олинган вақти қайд этиб қўйилишини энг содда усул, деб ҳисоблайди. Суратга олгач, инспектор эвакуаторни чақиради ва машина жарима майдончасига олиб кетилади. Бундан ташқари янада енгил усул – жарима квитанциясини автомобиль ойна тозалагичига қистириб қолдириш ҳам ўрганилмоқда. “-Бироқ, - дейди Жўраев, - бизнинг ҳайдовчилар уни йиртиб ташлаши ҳам мумкин”.

Ҳозир ИИББ икки ой ичида қоидабузарлар билан курашишнинг энг мақбул усулни ишлаб чиқиши лозим. Сўнг бу усулни юқори органлар кўриб чиқади, тасдиқланганидан сўнг Тошкент кўчаларида амалиётга жорий этилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"