Автомобилнинг баҳридан ўтаётган саккиз гўзал шаҳар (фотолар)

Автомобилнинг баҳридан ўтаётган саккиз гўзал шаҳар (фотолар)

Сайтимиз автомобиллар ҳақида хабар тарқатиш, автомобилни оммалаштиришга ихтисослашган. Бироқ анъанамизни бугунча йиғиштириб, автомобилдан воз кечаётган шаҳарлар билан сизни таништирамиз.

“Темир тойчоқ”лар юз йил муқаддам дунёга келди ва ўтган муддат мобайнида кўчани батамом эгаллаб олди. Ҳозир мегаполислар автомобилни кўпайтириш эмас, аксинча ундан қутулиш пайига тушган. Чунки автомобиль энг қулай транспорт мақомини тобора йўқотмоқда. Масалан, Лондонда машинадан кўра велосипедда манзилга етиш осонроқ. Москва тиқинлари ҳақида эса кўргансиз-эшитгансиз. Ҳатто, вилоятларимиз кўчаларига машина сиғмай йўл кенгайтириляпти.

Улкан шаҳарларда эса автомобиль қатнамайдиган пиёдалар йўллари қурилмоқда.

Копенгаген, Дания

Копенгаген Европадаги автомобиллари сони энг кам шаҳардир. Гап шундаки, 1960-йилларданоқ ҳукумат автотрасса ҳисобига пиёдалар зонасини кенгайтира бошлаган. Ҳозир Копенгагенда велосипед йўлакчалари 320 кмга етган, яқин йилларда эса марказ билан аҳоли яшаш жойини боғловчи велосипед магистрали қуришмоқчи.

Гамбург, Германия

Шаҳар марказида автомобиль қатновига тақиқ йўқ, аммо мэрлик пиёда, велосипедда ва жамоат транспортида юришни рағбатлантиришга астойдил киришган. Амалга оширилаётган “Яшил тўр” лойиҳасига биноан 20 йил ичида шаҳарда велосипед йўлаклари ва тротуарлар қуриб битказилади. Пиёдалар йўлаклари шаҳарнинг 40 фоизини қамраб олади.

Мадрид, Испания

Мадриднинг кўплаб марказий кўчаларига кирган автомобилга юз доллар жарима солинади. Фақат шу кўчада истиқомат қилувчиларгина кириш ҳуқуқига эга. Автомобиль ҳавони қанча кўп булғаса, автотураргоҳ ҳақи ҳам шунча қимматлашади. Келгуси беш йили ичида шаҳар ҳукумати марказни машиналардан бўшатиб, тиғиз кўчаларни обод пиёдалар зонасига айлантирмоқчи.

Париж, Франция

Икки йил муқаддам Парижда қурумли ифлос ҳаво миқдори ўта ошиб кетганди. Ҳукумат чора сифатида шаҳар марказига жуфт рақамли автомобиллар ҳафтанинг тегишли кунида, тоқ рақамли автомобиллар бошқа кунида юрадиган қилди. Бу ўз натижасини бериб ифлосланиш даражаси 30 фоизга камайди. Шаҳар ҳукумати велойўлаклар тармоғини кенгайтириб, 2020 йилда шаҳар марказига фақат электромобиллар борадиган қилмоқчи. Ҳозир эса шаҳар марказида бир неча пиёдалар йўлаги қурилган ва ҳатто, марказда яшовчилар ҳам дам олиш куни машинасини миниши тақиқланган.

Хельсинки, Финляндия

Келаётган ўн йил ичида финлар пойтахтида аҳоли ортиб, машина сони камаяди. Автомобиль ҳаракатини шаҳар атрофига кўчириш режалаштирилмоқда, марказда жамоатчилик транспорти қолдирилади холос. Ҳозирданоқ Хелсинки учун махсус мобил илова ишланган бўлиб, унинг ёрдамида яқин-атрофингиздаги велосипед ижараси ёки трамвай бекатини топасиз. Хуллас, кундан кунга автомобиль деган матоҳ ортиқчалашмоқда.

Ченду, Хитой

Ченду шаҳарчаси шундай лойиҳалаштирилганки, унинг исталган нуқтасига пиёда 15 дақиқада етиб бориш мумкин. Шаҳар йўлларининг ярми автомобилларга берилган, қолганида велосипедчи ва пиёдалар юради.

Богота, Колумбия

Боготада 70-йиллардаёқ велойўлак ва пиёдалар йўллари қуриш бошланганди. Ҳозир шаҳарда 300 кмча велосипед йўлаклари бор. Марказий кўчаларнинг кўпчилиги автомобиллардан холи, бироқ шаҳар марказида жадвал бўйича автобус қатнови йўлга қўйилган.

Милан, Италия

Милан ҳукумати онгли равишда автомобилини уйида қолдириб, жамоат транспортида юрганлар учун бепул ваучерлар тарқатмоқда. Машиналарнинг барчаси махсус тизимда қайддан ўтган. Автомобиль тураргоҳда қолдирилганда эгасининг картасига йўл ҳақи ўтказилади.

Хўш, нега бугун автомобилдан қутулиш ҳақида гап очиб қолдик? Эсда сақланг: қачондир бизда ҳам шундай бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"