Avtotest атрофидаги гаплар: Юридик шахслар кўп автоҳалокат содир қиляптими?

Avtotest атрофидаги гаплар: Юридик шахслар кўп автоҳалокат содир қиляптими?

Юридик шахсларга қарашли автомобилларнинг малакасини ошириш улар йўл-транспорт ҳодисасини кўп содир этаётганлиги билан изоҳланмоқда. Аммо бу даъво қанчалик ҳақиқатга яқин?

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари икки йилда бир марта Avtotest ўқув мажмуасида малака оширади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг 4 сентябрда эълон қилинган қарорида белгилаб қўйилган.

Юридик шахсларга тегишли автомобиль ҳайдовчиларининг малакасини ошириш илгари ҳам бўлган. Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электрли транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тартиби ҳақидаги низомда йўловчи ташувчи ҳайдовчилар ҳар йили, юк ташувчи ҳайдовчилар эса икки йилда бир марта 30 соатлик малака ошириш курсларини ўташи кўрсатилган.

Ҳужжатнинг янги таҳририда эса иккала категориядаги ҳайдовчиларни ҳам бир даврда курс ўташини белгилаб қўйилган. Шунингдек, 1 июлдан бошлаб юридик шахсга қарашли ҳайдовчида Avtotest сертификати бўлмаса, жарима тўлайди.

Ҳайдовчилар малакасини ошириш заруриятини асло инкор этмаган ҳолда қарордаги бир бандга диққат қаратмасликнинг иложи йўқ: “Кўп ҳолларда йўл-транспорт ҳодисаларининг иштирокчилари юридик шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахслардир”.

Расмий маълумотларга кўра, 2016 йилда йўловчи ва юк ташувчи ҳайдовчиларнинг айби билан 972та ЙТҲ содир этилган. Натижада 352 киши ҳалок бўлган ва 962 киши жароҳат олган. Мазкур категориядаги ҳайдовчилар ҳаммаси бўлиб 3890та қоидабузарликни амалга оширган, жумладан 217 марта ичкилик ичиб машина бошқарган ва 193 марта светофорнинг тақиқланган чироғида йўлдан ўтган.

Газета.уз сайти ИИВнинг Йўл ҳаракат хавфсизлиги бош бошқармасидан қуйидаги статистикани олган.

2016 йилда содир бўлган ЙТҲлар сони

Юридик шахсга қарашли автомобиллар содир қилган ЙТҲлар

Умумий ЙТҲлар сонига нисбатан фоизда

10212та ЙТҲ

972

9,5%

2496 нафар инсон ҳалок бўлган

352

14,1%

9845 нафар инсон шикастланган

962

9,7%

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, юк ва йўловчи ташийдиган ҳайдовчилар, ҳақиқатан ҳам, пухта тайёргарликдан ўтган бўлиши шарт, бироқ йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий қисмини улар содир қиляпти, деган даъво ҳақиқатдан анча узоқ.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"