Автотранспорт эгалари мажбурий суғурта бўйича реал қоплама олиш учун кўпроқ тўлашга тайёрми?

Автотранспорт эгалари мажбурий суғурта бўйича реал қоплама олиш учун кўпроқ тўлашга тайёрми?

Вазирлар Маҳкамасининг Қарори лойиҳасига кўра автомобиль эгалари томонидан мажбурий суғуртага тўланадиган тўловлар қарийб икки баробар оширилиши режалаштирилмоқда, деб ёзади UzReport. Халқ орасида ушбу суғурта тури одатда «ОСАГО» деб номланади.

2017 йилнинг 13 октябрида Ягона интерактив давлат хизматлари порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 24 июндаги 141-сонли «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавбгарлигини мажбурий суғурта қилиш» тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари» тўғрисидаги Қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар қиритиш тўғрисидаги» Қарори лойиҳаси жойлаштирилган эди. Ушбу қарор жамоатчиликда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмади. Ваҳолангки, мазкур ҳужжат ҳар бир автомобиль эгасининг манфаатларига бевосита таъсир кўрсатади.

Гап шундаки, ушбу ҳужжат лойиҳасига кўра автомобиль эгалари томонидан мажбурий суғуртага тўланадиган тўловлар қарийб икки баробар оширилиши режалаштирилмоқда. Халқ орасида ушбу суғурта тури одатда «ОСАГО» деб номланади.

Хўш, ОСАГО бўйича тўловнинг бундай қимматлашиши сабаби нимада?

Бугунги кунда ОСАГО бўйича суғурта компаниясининг максимал жавобгарлиги чегараси (суғурта суммаси) 12 млн. сўмни ташкил этади. Ундан 4,2 млн. сўми (35%) мулкка (ш.ж. жабрланувчининг автотранспортига) етказилган зарарни қоплаш учун ва 7,8 млн. сўми (65%) йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган шахснинг соғлиғи ёки ҳаётига етган зарарни қоплаш учун мўлжалланган. Яъни, ЙТҲ юз берганда жабрланувчининг моддий зарарини қоплаш чегараси бор-йўғи 4,2 млн. сўмни ташкил этади, унинг ҳаёти ва соғлиғига етган зарар бўйича чегара, жабрланувчиларнинг сони нечта бўлишидан қатъий назар, 7,9 млн. сўмни ташкил этади.

Равшанки, мулкка (ш.ж. автотранспортга) етказилган зарарни қоплаш чегарасининг 4,2 млн. сўм қилиб белгиланиши бугунги куннинг талабларига умуман жавоб бермайди, инсон соғлиғи ва ҳаётига етказилган зарар бўйича белгиланган тўлов суммасини гапирмаса ҳам бўлади.

Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра ЙТҲ натижасида автотранспортга етадиган зарарнинг ўрта статистик ҳажми 8 млн. сўм атрофида ташкил этади. Яъни, амалдаги суғурта ҳимоясининг суммаси керакли бўлган суммадан қарийб икки баравар кам. Бу ўз навбатида автотранспорт эгалари томонидан зарарни қоплаш учун суғурта компаниясига мурожаат этиш хоҳишини йўққа чиқаради.

Ҳужжат лойиҳасига кўра ОСАГО бўйича суғурта қопламасининг чегаравий ҳажмини 3,3 баробар, яъни 12 млн. сўмдан 40 млн. сўмгача ошириш назарда тутилмоқда. Тегишли равишда моддий зарарни қоплаш учун – 14 млн. сўм ва жабрланувчининг соғлиғи ва ҳаётига етган зарарни қоплаш учун – 26 млн. сўм. Мазкур рақамлар бугунги кун ҳолатига анча ҳақиқатга яқин ҳисобланади.

Лекин бундай ҳажмдаги суғурта ҳимоясига эга бўлиш учун автотранспорт эгалари ОСАГО учун қўпроқ пул тўлашларига тўғри келади. Ҳозирги кунда ОСАГО бўйича тўлов ўртача 50 минг сўмни ташкил этса, ҳужжат лойиҳасига кўра тўловни ўртача 110 минг сўмга етказиш режалаштирилган. Натижада, ОСАГО учун тўлов 2,2 марта ва суғурта ҳимоясининг ҳажми эса 3,3 марта оширилади.

Шу сабабли, автотранспорт эгаларидан қуйидаги икки саволга жавоб олишни истардик:

— автотранспорт эгалари ОСАГО бўйича суғурта ҳимояси ҳажмини кенгайтиришдан манфаатдорми?

— автотранспорт эгалари 3,3 марта каттароқ суғурта ҳимоясига эга бўлиш мақсадида 2,2 марта кўпроқ суғурта тўловини тўлашга тайёрми?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.