Бензин тақчиллиги сабаби нимада: уни бартараф қилиш чоралари топиладими?

Бензин тақчиллиги сабаби нимада: уни бартараф қилиш чоралари топиладими?

Кейинги пайтларда аҳолини нефть маҳсулотлари билан таъминлашда узилишлар юз бераётгани ҳаммамизга маълум ҳолат. Айниқса, вилоятларда бу тизим буткул издан чиққанига гувоҳ бўлиб келаётган эдик.

Аи-80 бензинининг АЁҚШда сотилиши керак бўлган нархи — 2800 сўм, Аи-91 ники — 3000 сўм бўлгани ҳолда, вилоятларда АЁҚШлардан бензин харид қилишнинг мутлақо иложи йўқ. Бензинни фақат кўча-кўйда, чайқовчиларнинг қўлидан литрини 4000 сўмдан кам бўлмаган нархда харид қилишингиз мумкин.

Чайқовчиларга Тошкентга қатновчи, ўзлари метан газда юрувчи таксилар пойтахтдаги АЁҚШлардан 2800 сўмга бакини тўлдириб бензин харид қилиб, 3500 сўмдан топшириб келишаётган эди. Истеъмолчиларга эса ўша юқорида айтганимиз — 4000 сўмдан таклиф қилинмоқда.

Лекин бундай ҳолат юз бераётганига вилоятлардаги хусусий АЁҚШларнинг ноинсофларча иш тутаётгани ҳам сабаб бўлмоқда. Улар фонд орқали ўзларига ажратилган бензинни камида 3500 сўмдан нақд пулга чайқовчиларга пуллаб, ажратилган фонддаги бензин учун 2800 сўмдан фуқароларнинг пластик карточкаларини кирим қилиб, пластик карточкаларни ҳам 90-95 фоиздан нақдлаштириб, мўмай ва ноқонуний даромад қилиш билан шуғулланаётгани учунгина шу ҳолат юзага келмоқда. Бунинг ҳеч қандай сирли томони йўқ, ҳамма кўриб-билиб турибди. Вилоят учун ажратилган бензин АЁҚШларга ҳам кирмасдан қўлга чиқарилиб юборилмоқда.

Шу ўринда бир таклиф: умуман, машинаси фақат бензинда юрадиган ҳайдовчиларга қўлдан бу нархда бензин олиб қўйиш осон эмас. Шу сабабли мутасаддилар метан ёки пропан газ билан жиҳозланган машиналарга бензин сотишни бутун республика бўйлаб чеклаш (масалан, максимум 10 литр) ҳақида қарор чиқаришса муаммонинг ечилишига катта ёрдам бўлган бўлармиди…

Масалага ойдинлик киритиш ва мутасаддиларнинг фикрини билиш мақсадида Кун.уз мухбири Хуршид Далиев «Ўзнефтмаҳсулот» АЖнинг нефть маҳсулотлари сифатини назорат қилиш, метерологик таъминот ва сертификатлаш бўлими бошлиғи Рустам Абдуқодировга айрим саволлар билан мурожаат қилди.

— Рустам ака, вилоятларда бензин маҳсулотининг тақчилиги, уларнинг чайқовчилар қўлига чиқиб кетиши борасида фикрларингизни билмоқчимиз. Буни Қашқадарёга хизмат сафарига борганимизда ҳам ўз кўзимиз билан кўриб, гувоҳ бўлдик. Бошқа вилоятлардан ҳам бу борада таҳририятимизга мурожаатлар, фото ва видеолар келиб турибди.

— Аввало, сиз кўтарган бу масалага ташкилотимизда жавоб бериши керак бўлган масъул раҳбарлар бор, лекин майли, мен бу борадаги ўз фикрларимни билдириб ўтаман. Яширишнинг ҳожати йўқ, айни дамда Республикамизнинг турли вилоятларида ана шундай танқислик кўзга ташланмоқда.

Яқинда 1 августда тест синовлари бўлиб ўтганда пойтахтимизга вилоятлардан фарзандларини ўқишга олиб келган юз минглаб машиналар кириб келди ва улар ҳам пойтахтдаги АЁҚШлардан бензин харид қилиб Тошкентда ҳам ажиотаж кузатилишига сабаб бўлишди. Айни дамда республикамизда иккита нефтни қайта ишлаш заводи ишлаб турибди. Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Фарғона ва Бухорода ишлаб чиқарилаётган бензиннинг каттароқ қисмини пойтахтга йўналтиришга мажбур бўлдик. Бу ҳам ўз навбатида вилоятларимизда шу кунларда танқислик келиб чиқишига ўз ҳиссасини қўшмасдан қолмади.

Буни ҳал қилиш учун заводларга маҳсулотни бир маромда етказиб бериш ҳақида топшириқлар берилган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 29 июнда қабул қилинган республика аҳолисини нефть маҳсулотлари билан таъминлашни такомиллаштириш тўғрисидаги №87-сонли баённомаси тасдиқланган. Ғ.Ибрагимов томонидан тасдиқланган ана шу баённома асосида жойларда штаблар ташкил қилинган «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик жамияти ходимлари, «Ўздавнефтгазинспекция», прокуратура ва ички ишлар ходимлари томонидан гуруҳ ташкил қилиниб, улар нефть базаларидан хусусий АЁҚШларга бензин маҳсулотлари етказиб беришда, улар номигагина унинг бир қисмини сотиб, кейин шохобчани ёпиб қўйиб, бензинни ўзининг таниш чайқовчиларга пуллаш ҳолатларига қарши курашиш билан шуғулланишмоқда.

Ҳозир август ойини бошида турган бўлсак, бизни ҳали Мустақиллик, Қурбон ҳайит байрамлари кутмоқда. Ҳозир шу мақсадда ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, жойларга ўз вақтида етказиб бериш ва бензин танқислигини олдини олиш борасида ҳукуматимиз томонидан топшириқ бўлди. Бу топшириқни бажариш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Бензиннинг қўлга — «баклашкалар»га чиқиб кетаётганининг асосий сабаби ҳам шу эканлиги аниқланди. Хусусий АЁҚШларга берилаётган бензин турли йўллар билан чайқовчилар қўлига тушиб қолмоқда. Ҳозир бунга чек қўйиш учун тадбирлар тўлиқ олиб борилмоқда. Боя юқорида тилга олиб ўтилган баённома 13 та банддан иборат бўлиб, чайқовчиликка қарши курашишда ички ишлар, прокуратура, солиқ қўмитаси ходимлари, «Ўздавнефтгазинспекция» ва бизнинг ходимларимиз биргаликда иш олиб боришмоқда.

«Ўзбекистон24» телеканалининг ахборот дастурида бизнинг қўшма тадбирларимиздан лавҳалар ҳам кўрсатилди.

Сизга етказишим мумкин бўлган маълумотларим ана шулардан иборат. Лекин Республика бўйича кимга қанча бензин ажратилаётганини фонд бўлимимиз ва раисмизнинг биринчи ўринбосаридан билиб олсангиз бўлади.

Ҳозир Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ишлар бирмунча назоратга олинган. Бу бўйича идорамизда штаб ташкил қилинган, вилоятларга белгиланган маҳсулотлар ўз вақтида етказилиб, аҳолининг эҳтиёжлари қондирилиши назорат қилиб турилибди.

— Бензин танқислигининг олдини олиш чора-тадбирлари қўлланилаётганда камчиликлар, уларга йўл қўяётган айбдорлар, ҳолатлар аниқланиб, уларга нисбатан чора қўлланилган ҳолатлар ҳам бўлаяптими?

— Албатта. Масалан, юқорида тилга олиб ўтилган йиғилиш баённомасига кўра ишлар бошлаб юборилганидан сўнг «Ўздавнефтегазинспекция» билан ҳамкорликда кечқурун рейд ўтказганимизда Тошкент шаҳрида, эски сомон бозор томондаги АЁҚШ Самарқанд вилоятидан келган, ичига 3 минг литрлик бак ўрнатилган «Мерседес» юк машинасига бензин юкланаётганига гувоҳ бўлдик. Яна бир ҳолат — Қўйлиқ кўпригидан ўтганингиздан сўнг чап томонда «Полимер» АҚЁШи бор. У ерда Қашқадарё вилоятидан келган машинага қўлбола идишларга бензин қўйиб берилаётганига гувоҳ бўлдик. Бу АҚЁШлар каби, Тошкент вилоятида 4 та шохобча ёпилди, Фарғона вилоятида — 5 та, Самарқанд вилоятида 6 та шохобчага маҳсулот беришни тўхтатиб қўйиб, уларнинг лицензиясини бекор қилиш учун лицензия комиссиясига хулоса берганмиз.

Жойларда тузилган штаблардаги ходимларимиз ҳам ҳозир ишларни бошлашган, бу ҳолат яқин 10 кунларнинг ўзида ўзининг ижобий самарасини беради ва аҳолига АЁҚШлар орқали маҳсулот етказиб бериш йўлга тушади.

Кун.уз’нинг Самарқанддаги мухбири Шуҳрат Шокиржоновнинг хабар қилишича, дарҳақиқат август ойининг бошланишидан шаҳардаги айрим АЁҚШларда бензин узлуксиз сотилмоқда, албатта ҳозирча бироз тирбандликлар ҳам вужудга келмоқда.

Лекин Аи-80 ва Аи-91 каби харидоргир бензинлар савдога чиқмаяпти. Масалан, шаҳардаги «Sharq-S» АЁҚШида юқори октанли Аи-95 бензини 3301 сўмдан савдога чиқарилгани эълон қилинган (гарчи кассада 3300 сўмдан ҳисоблашаётган бўлса-да). Энди шу пулга ростдан ҳам юқори октанли бензин берилмоқдами ёки Аи-80 ёки 91 бензинлари 95 нинг нархида қимматроққа пулланмоқдами — буниси АЁҚШ ходимларининг виждонига ҳавола. «Шукр қилсаларинг-чи, 4000 сўмдан қўлдан ҳам сотиб олаётувдинглар-ку, ноинсофлар», дейишмаса бўлди.

Манба: Kun.uz

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.