Бензин харид қилишда тўланадиган йўл солиғи қаёққа кетмоқда?

Бензин харид қилишда тўланадиган йўл солиғи қаёққа кетмоқда?

Бугун ҳеч кимга сир эмас, ҳар куни дуч келаётган манзарамиз ҳам, манзилимизни яқин қиладиган ҳам, яширишнинг ҳожати йўқ – гоҳида асабларимизни таранг қиладиган макон ҳам бу – йўллар. Бу ҳақда кўп гапирилди: танқид ҳам қилинди, ўрнига қараб, мақталди ҳам. Бир ҳақиқатни унутмаслик керакки, бугун жараён бир жойда тўхтаб қолгани йўқ. Бу соҳага оид Президент фармони ва қарорлари, ҳукуматнинг қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Хўш, ўзгаришлар кечмоқдами ва улар нималардан иборат? Бугун йўловчиларнинг манзили равон бўлиши учун нималар қилинди ва муаммолар нималардан иборат?

Шу ва шунга ўхшаш саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси ўринбосари С.Саифназаровга мурожаат қилдик.

— Соҳиб Исмоилович! Бугун бир қараганда, автомобиль йўлларимиз таъмири учун кўп-кўп ишлар қилинаётгандек таасурот қолади. Фармону қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижроси бўйича қилинаётган ишлар ҳақида хабар бериб бормоқдасизлар. Аммо очиғини айтганда, натижа – кўпчилик кутган даражада эмасдек. Чунки йўллар аҳволидан одамларимизнинг кўнгли тўлмаётир… Нега шундай?

— Ўзингиз ҳам савол бошида билибми-билмайми, эътироф қилаётганингиздек, бугунги кунда автомобиль йўллари ва уларнинг ривожланиши борасида энг юқори даражаларда, жуда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Ўзингиз ўйлаб кўринг – мамлакатдаги автомобиль йўлларининг умумий узунлиги қарийб 184 минг километр. Бунча узунликдаги йўлни бир-икки ойда эмас, йиллар давомида ҳам рисоладагидек, равон қилиб қўйиш мушкул масала. Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида умумфойдаланувдаги йўл тармоғи зичлиги бўйича юқори поғоналарни эгаллаб, 1000 кишига тўғри келадиган йўл узунлиги бўйича 5-ўринда, 1000 км2га тўғри келадиган йўл узунлиги бўйича 9-ўринда туради. Демак, бу йўлни бир кунда ё бир соатда таъмирлаш ва ёки қуриш – мумкин эмас…

Шунга қарамасдан, жорий йилнинг 14 февраль куни қабул қилинган «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон, у билан бир қаторда “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлар – соҳада чинакам “инқилоб” ясаши кутилмоқда.

Умумий фойдаланувдаги автомобиль йўлларининг бугунги тармоғи иқтисодий тараққиёт ҳамда аҳоли талабларига асосан жавоб бериб, Республика ичидаги ва халқаро автомобиллар қатновида ҳавфсиз транспорт алоқасини таъминлайди. Аммо аҳоли сонининг доимий ўсиши, юзлаб янги аҳоли турар-жойларининг барпо этилиши ҳамда шаҳарларнинг кенгайиши Республика ички хўжалик йўллари ҳолатини ҳам тубдан яхшилаш бўйича амалий чоралар кўрилишини талаб этади. Бугун асосий урғу шунга қаратилмоқда.

— Қарор асосида энг аввало таъмирланадиган йўллар қандай белгилаб олинмоқда?

— Аввало таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида тилга олинган қарорида 2017-2018 йилларда бутун республика миқёсида 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш вазифаси белгилаб берилган. Бу – ҳазилакам рақам ва озмунча миқёсдаги йўл ишлари эмас.

Қолаверса, туманлар кесимида қанча йўл таъмирланиши белгилаб берилган бўлса-да, айнан қайси йўл ва кўчаларнинг биринчи навбатда таъмирга муҳтожлиги масаласи маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, алоҳида шакллантириладиган манзилли дастурлар билан белгилаб олинади.

Бундан ташқари, маҳаллий йўлларни таъмирлаш баробарида халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини қуриш ва тубдан таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилаверади. Хусусан, юқорида тилга олинган – ички йўлларга дахлдор дастурдан ташқари – ҳар йилги Инвестиция дастурларида кўрсатилганидек, 2017-2018 йилларда 540 км узунликдаги — халқаро ва давлат аҳамиятида, дея тавсифланувчи (масалан, М-39 “Тошкент-Термиз”, А-373 “Тошкент-Ўш” каби ва бошқа) умумфойдаланувдаги автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкция қилиниши ҳам назарда тутилган.

Бу – ички йўллардан ташқари, қўмита томонидан шу пайтгача амалга оширилиб келинган ишларнинг давоми бўлиб, мазкур қурилиш ва таъмир ишларининг ички йўлларда олиб бориладиган ишларга дахли йўқ.

— Йўлларни қуриш ва таъмирлашда хусусий йўл қурилиши компаниялари иштирок этиши мумкинми?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида қўмита ҳузурида Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекциясини, қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармалари ҳузурида минтақавий йўлларга буюртмачи хизматини, минтақавий автомобиль йўлларини таъмирлаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш назарда тутилган.

Бундан англашиладики, бугун қўмита тизимида ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этиш жараёнлари давом этмоқда. Буюртмачи сифатида эса, қарорда таъкидланганидек, Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси қатнашади. Бугунги кунда мазкур дирекция ташкил этилди ва амалий саъй-ҳаракатлар бошланган.

Шунингдек, юқоридаги қарорга асосан пудрат ташкилотлари сифатида эса қўмитанинг таркибий корхоналари кўрсатиб ўтилган.

— Йўл қурилиши лойиҳаларида иштирок этувчилар қандай танлаб олинади?

— Бундай танловга зарурат йўқ. Чунки Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори 3-бандида умумий фойдаланувдаги ҳамда минтақавий автомобиль йўлларининг қурилиши, реконструкцияси ва таъмири учун лойиҳа ташкилотлари сифатида “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ ва “Боштранслойиҳа” АЖ белгилаб қўйилган.

— Айрим нашрлар ва ижтимоий тармоқларда йўлсозлар таъмир ишларида кўзбўямачиликка йўл қўяётгани, масалан, асфальт ўрнига оддий тупроқ ёки лойдан фойдаланаётгани, таъмирни номигагина амалга ошираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ишлари қай аҳволда?

— Сиз назарда тутган ҳолат бўйича айтишим мумкинки, у каби тасвирларга Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тизимидаги корхоналарнинг алоқаси йўқ. Менимча, бу саволга жавобни ўша хабарларни тарқатганлардан ва ёки тасвирларда қайси ҳудуд акс этган бўлса, ўша ҳудуд мансуб бўлган ҳокимлик мутасаддиларидан сўраш керак.

Бундай ҳолатларнинг, жумладан, Тошкент шаҳри миқёсида олдини олиш бўйича эса бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Шу пайтга қадар пойтахт кўчалари таъмири ва уларнинг инфратузилмасини шакллантириш вазифаси қўмита функциясига кирмас эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг аввалроқ номи келтирилган қарорида бутун республикадаги, жумладан, Тошкент шаҳридаги ички йўллар ва кўчаларнинг таъмирланиши туманлар кесимида белгилаб берилди.

Мазкур қарор ижроси юзасидан жорий йилнинг 7 март куни 2017 йилда Тошкент шаҳри туманларининг йўл инфратузилмасини ривожлантиришнинг манзилли дастури тасдиқланди. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бугунги кунда кўчаларнинг таъмири ҳамда улардаги инфратузилмани яхшилаш ишлари бошланган ва улар айни кунда ҳам жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда. Таъмир ишлари Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тизимидаги корхоналар, жумладан, “Автомагистраль” бирлашмаси, Тошкент кўприклардан фойдаланиш корхонаси ҳамда “Трансйўлқурилиш” корхоналари томонидан амалга оширилмоқда.

Тасдиқланган дастурга мувофиқ, Тошкент шаҳри кўчаларини жорий ва тўла таъмирлаш ишлари 2017 йилнинг ўзида икки босқичда, биринчи навбатда ҳамда йил давомида таъмирланиши зарур бўлган кўчалар кесимида амалга оширилади.

Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ва таъмирлаш мақсадлари учун 1-босқичда — 20,6 миллиард сўм, 2-босқичда эса — 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Қолаверса, юқорида тилга олинган салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун жиддий чоралар кўрилаётганини ҳам эслатиб ўтмоқчиман. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилиши белгиланган. Бу инспекциянинг асосий вазифалари сирасига йўл қурилиши ишларида, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш, қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида қатнашиш, йўл-қурилиш материаллари, маҳсулотлар ва конструкцияларни стандартлаштириш ва сертификатлаштириш ишларини олиб бориш кабилар киритилган.

Шуларни ҳисобга олиб, бундан кейин йўл қурилиши ва таъмири масаласида назорат янада кучайтирилиши, сифат биринчи ўринга қўйилишини эслатиб ўтмоқчиман.

— Аҳоли орасида, “Бензиннинг ҳар бир литрига фалон сўмдан йўл солиғи тўлаймиз. Бу пуллар қаёққа кетмоқда?” деган бир савол туғилади. Уларга нима деб жавоб берган бўлардингиз?

— Бир нарсани сиз ҳам, ўша саволни бераётганлар ҳам билиб олишлари лозим. “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўрсатиб берилганидек, “Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, шунингдек, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Ушбу йўллар маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрида бўлади”.

Сиз назарда тутган тушумлар тўғридан-тўғри маҳаллий бюджетга тушади. У маблағлар қонуний асосда, мақсадли равишда шаҳар кўчалари қурилиши ва таъмирига йўналтирилиши лозим. Агарда юқоридаги каби саволлар туғиладиган бўлса, бу саволлар — ўша кўчалар мансуб бўлган маҳаллий ҳокимликларга тегишли.

Тўғри, янги чиққан қарорларга асосан – ички ва минтақавий йўл ва кўчалар таъмирига ҳам эндиликда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси масъул қилиб белгиланди. Аммо у йўллар – айнан маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида, уларнинг қайси бири равонлиги-ю, қайси бири таъмирга муҳтожлигини – айнан ўша ҳокимликлар ва улар қошидаги ободончилик бошқармалари белгилаб, ҳар томонлама асослаб, молиялаштириш манбаларини кафолатлаб, дастурга киритиб бериши керак.

Бошқача қилиб айтганда, бирор ерингиз оғриб, шифокор чақирганда ҳам, аввал ўша оғриган жойингизни аниқлашингиз, дори-дармонини олишингиз керак. Шифокор эса кейин даволайди-ку. Ёки уйингизга уста чақирмоқчи бўлсангиз, уста дегани тўппа-тўғри хонадонингизга бостириб, тўғри келган жойдан ишни бошламайди-ку. Бизнинг ҳолатда ҳам – шундай…

Агарда расмий рақамларга мурожаат этсак, бугунги кун ҳолатига Республикадаги 1700 км дан ортиқ ички йўллар таъмирланди. Яъни қайсидир жойларда тупроқ йўллар шағалга ўтказилди, шағал йўллар – асфальтланди. Тошкент шаҳридаги аҳвол эса бошқачароқ, яъни бу ҳудудда тупроқ ва шағал йўл йўқ, демак, таъмирлаганга яраша, замонавий тарзда амалга ошириш лозим. Бу ишлар ҳам бугун бир зум бўлсин, тўхтагани йўқ. Бунақа суръат яқин йиллар ичида кузатилмаганди.

Демак, жараён давом этмоқда…

Манба: Kun.uz

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.