Беверли-Хиллз кўчаларида ҳайдовчиси йўқ жамоат транспортлари ҳаракатланади

Беверли-Хиллз кўчаларида ҳайдовчиси йўқ жамоат транспортлари ҳаракатланади

Американинг Беверли-Хиллз шаҳри раҳбарияти автоном бошқарув тизимига эга машиналардан иборат машиналар паркини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Бундай автомобиллар жамоат транспорти вазифасини бажаради.

«Беверли-Хиллз – автоном технологияларни ҳаққониятга айлантириш учун айни жой ҳисобланади. Умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳам ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган уловларни хавфсиз қўллаш мумкин, – дея маълум қилди шаҳар ҳокими Жон Мириш. – Биз ўтмиш технологияларидан фойдаланиб на бугунги, на эртанги муаммоларни ҳал эта оламиз. Автоном автоуловлар кўчалардан шахсий машиналарни сиқиб чиқариб, автотураргоҳларга бўлган талабни камайтиради ва барча учун хавфсизлик ва ҳаракатчанликни таъминлай олади».

Шаҳарда аллақачон коммуникация ва бир автоном уловдан бошқасига маълумотларни етказиш учун фойдаланиладиган тармоқни ишлаб чиқишга киришилди. Беверли-Хиллзда шу каби транспорт воситаларини яратиш устида ишлаётган компаниялар ўз маҳсулотларини синовдан ўтказишларини исташмоқда. Масалан, Google ёки Tesla билан ҳамкорлик ўрнатилиши мумкин.

Айни пайтда «Гугл» рул чамбараги ва педаллари бўлмаган машинани яратаётган бўлса, «Тесла» моделлари белгиланган йўлда бошқа автомобиллар билан оралиқ масофани сақлаган ҳолда ҳаракатланиши ва ҳайдовчининг аралашувисиз қайта сафланишни амалга ошириши мумкин.

Бошқа кўплаб автоишлаб чиқарувчилар ҳам автопилотга эга машина ишлаб чиқаришга киришган. Улар қаторида Kia, Mercedes-Benz, Renault, Nissan ва Ford`ни санаб ўтиш мумкин. Ҳозирда бу каби автоуловлар умумий фойдаланишдаги йўлларда ҳаракатланмоқда. Масалан, Google ҳайдовчисиз машиналари АҚШнинг умумий фойдаланишдаги йўллари бўйлаб қарийб 2 миллион километр масофани босиб ўтди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!