“Би Би” номли автомобилни эшитганмисиз?

“Би Би” номли автомобилни эшитганмисиз?

Ҳазиллашаётганимиз йўқ. Женева автосалонида шу номли автомобиль намойиш этилди. Би-би-си сайти номини қисқартириб олишганми, ўзбек сегментидаги автомобиллар сайти bibi.uz номидан илҳомланишганми ёки машина сигналини эшитиб қолиб дарҳол шу номни қўйишганми – бу бизга қоронғу.

Унинг номланиши асли Bee Bee XS бўлиб, французларнинг Bee Bee Automotive компаниясининг маҳсулоти саналади. Бу компания ностандарт автомобиллар ишлаб чиқаради. Bee Bee ҳам саёҳатга чиқиш ёки табиат қўйнида дам олгани борганда минишга мўлжалланган. Дизайн минимал шаклда ишланган: ён кўзгулари йўқ, ички қопламалари оддий материалдан ишланганлиги сабаб резина ичак билан сув пуркаб тозаласа ҳам бўлади. Умуман олганда, дизайни камтарлик борасида шу кўргазмадаги Citroen E-Mehari билан бемалол рақобатлаша олади.

Bee Bee XSнинг техник тафсилотлари. Кузов ва шассиси алюминийдан ясалганлиги туфайли, машина юксиз ҳолда 600 кг тош босади. Электромотор ҳаракатга келтиради, аммо қуввати тўғрисида маълумот йўқ. Литий-ионли батареялар сиғими 7 ёки 10 кВт соатга тенг. Тўла заряд билан 90-11 км йўл боса олади. Энг юқори тезлиги 90 км/соат. Оддий розеткадан қувватлантириш учун 4,5 соат вақт зарур.

Албатта Би Би нархи ҳаммани қизиқтиради. Хабарларга кўра, асос версияси 21180 евро, тўла жиҳозлангани эса 30600 евродан кам эмас. Қиммат туюлдими? Яна бир сирни очамиз: ишлаб чиқарувчилар машинани бир марта тўла зарялаш атиги 1 еврога тушишини таъкидлашди. Демак бир евро тўлаб юз км йўл босиш, ёнилғини, чўнтакни тежаш, яна табиатни асраш мумкин. Мана бу тарафи зўр!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"