Bianco – Бразилиянинг омадсиз суперкари

Bianco – Бразилиянинг омадсиз суперкари

Кам сонли суперкар ишлаб чиқаришга қайси автомобилсоз қизиқмаган дейсиз? Масалан, 70-йилларнинг ўрталарида бразилиялик Тони Бянко спорткарсозлик компаниясига асос солди. Компаниянинг потенциали яхши, демак истиқболи ҳам яхши бўлиши керак эди. Бянко спорткар ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчилари сафига қўшилишни кўнглига тугди. Аммо негадир унинг кетмони учмади.

1976 йилда Сан-Паулудаги халқаро автосалонда биринчи Bianco S (кейинроқ Bianco Furia номи билан танилган) намойиш этилди. Карбон корпуси, ноодатий қиёфаси барчани ўзига тортди ва унга шуҳрат келтирди. АҚШ ва Европадан буюртмалар келиб тушди.

Автомобилнинг кўпгина элементлари Volkswagenдан олинган, хусусан двигатели ҳам. Дизайни қанчалик кўзни қамаштиргудек бўлмасин, 65 от кучига эга мотори ёрдамида бор-йўғи 140 км/соатгача тезликка чиқа оларди. Бу спорткар учун паст кўрсаткич, албатта.

Шунга қарамасдан, Biancoни “қош-кўзи чиройли бўлгани учун” сотиб олганлар кўп. Жами 180га яқин автомобиль тайёрланган. 1978 йилда унинг янги авлоди Bianco Série 2, бир йил ўтгач, 96 от кучига эга Bianco Tarpan тақдим этилди.

Аммо қолганлари катта муваффақият қозонмади, 1979 йилда эса ишлаб чиқаришни давом эттиришга компаниянинг маблағи қолмади. Шу тариқа компания касодга учради.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"