BMW 2025 йилга бориб 12та электромобиль чиқаради

BMW 2025 йилга бориб 12та электромобиль чиқаради

Етти йил ўтгач бавария маркасининг 25 хил русуми дунё юзини кўради, уларнинг ярми тўла электр қувватида ҳаракатланади. Бу ҳақда компаниянинг матбуот хизмати маълум қилди.

“Барча русум линейкаларимиз ва брендларимиз орасида электрлаштирилган автомобилларнинг ҳиссаси тобора ортиб боради. Бундай машиналар BMW M спортча бўлинмамизда, шунингдек, Rolls-Royce маркасида пайдо бўлишини ҳам тасдиқлашим мумкин”, деди компания бош директори Харальд Крюгер.

Ҳозир BMW ўз корхоналарини замонавийлаштириш учун қўшимча сармоялар киритмоқда. 2020 йилга боргач, бу корхоналар гибрид ва электромоторли автомобиллар чиқаришга қодир бўлади.

BMW Франкфуртга i5 электрокарининг прототипини олиб боришини ҳам Крюгер айтиб ўтди. Йўл захираси 500дан 700 кмгача бўлган i5нинг серияли версияси 2021 йилда пайдо бўлади. Унга бешинчи даражадаги автономлик тизими ўрнатилади. Машина ўзи манёвр қилади, сафини ўзгартиради ва ҳатто, ҳаракатдаги транспортни қувиб ўта олади. Аммо ҳайдовчи исталган вазиятда бошқарувни қўлига олиш учун шай туриши лозим.

Бундан ташқари BMW мотор-шоуда янгиланган i3 электромобилини намойиш этади. Хэтчбекка такомиллаштирилган синхрон электромотор ўрнатилган бўлиб, қуввати 184 от кучига етган. 6,9 сонияда юзга чиқади, максимал тезлиги соатига 160 км.

Нега электромобиллар ҳануз оммалашиб кетмаяпти, деган саволни яна бир марта қўйишдан эринмаймиз.

Умуман олганда, эски автомобилсозлик компаниялари электромобиллар бозорини забт этишга шошилаётгани йўқ. Негаки бу улар учун катта чиқим дегани, машина таннархининг 30 фоиздан 50 фоизгача қисмини батарея нархи ташкил этади.

Қуввати 60 кВт•соат (500 км) бўлган батареялар блоки 14 минг долларга тўғри келади, бензинли двигатель эса 5 минг доллар. Электродвигатель ва инвертор ҳисобига яна 2 минг доллар қўшсак, фарқ янада катталашади.

Barclays молия компанияси таҳлилчиларининг фикрича, аккумуляторлар секторига сармоялар жалб этилиши уларнинг нархини пасайтиради ҳамда 2020-2030 йиллар орасида электромобиллар нархи ички ёнув двигателли машиналар нархи билан тенглашиб қолади.

Экологияни асраш учун дизелли ва бензинли автомобиллар қатновига тақиқ қўйган шаҳарларда электромобиль нархи тушиши ҳам мумкин. Европада эса 2035 йилда тўлиқ “тоза” машиналар қатнайди.

Ўзбекистонда ҳам экология масаласи ҳамиша долзарб бўлган. Мамлакатимизда электромобиль ишлаб чиқаришни ривожлантириш, экологик тоза машиналарни четдан келтиришни рағбатлантириш, уларга бож тўловида енгилликлар белгилаш ҳар тарафлама мақсадга мувофиқ бўлади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"