BMW электромобилларни симсиз зарядлаш ускунасини яратди

BMW электромобилларни симсиз зарядлаш ускунасини яратди

BMW автокомпанияси янги 530e iPerformance гибрид седанини анонс қилаётиб, симсиз зарядлаш технологиясини намойиш этди.

Ҳозирги вақтда электромобилларнинг бари зарядлаш станциясига уланиб қувват олади. BMW технологияси учун эса симнинг кераги йўқ. 530e iPerformance седани учун 3,2 киловаттли кичик таглик ясалган бўлиб, у машинанинг остида туради.

Таглик гаражга ёки очиқ жойга қўйилади ҳамда электр тармоғига уланади. Зарядлашни бошлаш учун машина тагликнинг устига юриб келиши лозим. Таглик батареянинг остида жойлашиши керак.

Компаниянинг тушунтиришига қараганда, симсиз зарядлаш технологияси асосида электромагнит индукцияси принципи ётибди. Таглик-платформага узатувчи, электромобилнинг ичидаги батареяга қабул қилувчи ғалтак ўрнатилган. Электр икки ғалтакнинг орасидаги магнит майдони орқали ўтади.

Технология 9,2 киловатт-соат сиғимга эга литий-ионли батареяни 3,5 соатда тўйғазади. Ваҳоланки, тармоққа улаб зарядлашда бунинг учун 5 соат вақт кетади.

Мазкур технологияни БМВчилар 2018 йилда бозорга чиқармоқчи.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"