Болалар нега катталар кузатувисиз йўлни кесиб ўтмаслиги керак?

Болалар нега катталар кузатувисиз йўлни кесиб ўтмаслиги керак?

14 ёшгача бўлган болаларда кўз сезгиси яхши ривожланмаган бўлади, шу сабабли нохуш ҳодиса келиб чиқиш хавфи юқоридир.

Катталар яқинлашаётган автомобилнинг қачон етиб келишини тахминан ҳисоблаб тегишли вақтда йўлни осонгина кесиб ўтади. Аммо болалар учун бу “масалани ечиш” қийинчилик туғдиради, дейди Айова университетининг руҳиятшунослик бўйича профессори Жоди Пламерт. Болалар ўтиш вақтини чамалашда қийналади.

“Айримлар, гўёки, болалар йўлни кесиб ўтишда ўзини катталардек тутади, деб ўйлайди. Аммо бизнинг синовларимиз ҳар доим ҳам бундай эмаслигини исботлади”, дейди профессор.

Профессор Пламерт 6, 8, 10, 12 ва 14 яшар болалар ҳамда катталарни тажрибага жалб қилди. Профессор ва ҳамкасблари виртуал лабораторияда серқатнов йўл ва тартибга солинмайдиган пиёдалар ўтиш йўлагини юзага келтирди. Лабораторияда узоқдан виртуал машина кўриниб, 2-5 сонияда етиб келади. Тажриба иштирокчиларининг ҳар бири виртуал йўлни 20 мартадан кесиб ўтди.

Синов натижасида “машина уриб кетганлар”нинг энг кўпи – 8 фоизи 6 ёшлилар эканлиги аниқланди. 8 яшар болаларни виртуал машиналар 6 фоиз, 10 ёшлиларни 5 фоиз, 12 ёшлиларни 2 фоиз ҳолатда “уриб кетган”. 14 ёшлилар ва катталар уч ўлчамли виртуал йўлда машина билан сира тўқнашиб кетмади.

Болаларнинг хатти-ҳаракатини таҳлил қилган олимлар ҳалокатнинг икки асосий сабабини илгари сурди. Биринчидан, болаларда кўз сезгиси яхши ривожланмаганлигидан автомобил билан орасидаги масофани етарли чамалай олмайди. Бола қанча кичик бўлса, кесиб ўтиш вақтини аниқлашда шунча кўп хато қилади. Иккинчидан, болаларга йўлни катталардек кесиб ўтиш тезлиги етишмайди.

Профессор Жоди Пламерт ота-оналарга болаларнинг йўлдаги хавфсизлигига эътиборли бўлишни маслаҳат берди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"