“Брутал” бу двигателсиз харид қилиш мумкин бўлган автомобиль

“Брутал” бу двигателсиз харид қилиш мумкин бўлган автомобиль

Словакиянинг ўз автосаноати бўлмаса-да, йилдан йилга янги ташаббуслар кўрсатмоқда. Бунинг учун учадиган AeroMobil лойиҳасини эслашнинг ўзи кифоя. Шу кунларда эса словаклар беш йил давомида тайёрланган Brutal номли споркарни кўрсатди. Дастлабки прототип ўтган йили тайёрланган эди, буниси якуний версияси бўлиб, кам серияда ишлаб чиқарилади.

Словак фирмаси “Брутал”ни уч модификацияда сотади: Brutal S1 – умумфойдаланиш йўлларида юрувчи спорткар, Brutal R1 – фақат пойга йўлакларида ҳаракатланувчи спорткар, Brutal P1 – энг қизиғи бўлиб, у автомобилнинг кузови холос, двигатель ва узатмалар қутисини харидорнинг ўзи ўрнатиб олади. “Ярим фабрикат” автомобилдан ҳайратланманг, чала машинани сотиб олиб қиёмига етказиш тажрибаси Европа мамлакатларида ҳам бор. Бу нафақат автомобилни ўз таъбига мослашда, балки ҳамённи тежашда ҳам ёрдам берадиган йўлдир.

Brutal S1 фуқаро модификациясига 300 от кучига эга бўлган икки литрли турбомотор ўрнатилади. S1 вазни 880 кг. Соатига 250 км тезликда ҳаракатланади, 3,9 сонияда юзга чиқади. Споркар қувур каркасга қурилган, кузов панеллари карбонпластикдан ишланган.

Унинг хусусиятларидан тепага очилувчи қушқанот эшикларини, спортча ўриндиқларини ва… қўшимча электроникаси мутлақо йўқлигини санаш мумкин. Словаклар шиддатли спорткарни севадиганлар ABS, EBD каби ҳар хил электрон ёрдамчиларга ҳожат сезмайди, деб ҳисоблашади.

Brutal R1 модификациясига беш юз от кучига эга двигатель ўрнатилади. Унинг вазни 800 кг бўлиб, ёш автопойгачиларбоп машинадир.

Словаклар ҳар бир автомобилни аниқ бир буюртмачи учун ишлаб чиқариб, йилига бир неча ўн донадан сотмоқчи.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"