Бухоро-Мискин темир йўли қурилишининг биринчи босқичи якунланди

Бухоро-Мискин темир йўли қурилишининг биринчи босқичи якунланди

Давлат раҳбари Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Бухоро-Мискин янги темир йўл қурилишида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар билан танишиб, мазкур йўналишдаги ишлар сифатини янада оширишга қаратилган қатор таклиф ва тавсияларини берган эди. Темирйўлчилар президент томонидан билдирилган ишончни оқлаб, қисқа муддатда миллий ва замонавий транспорт коммуникация тармоғининг бир қисми Бухоро – Мискин темир йўли қурилишининг биринчи босқичини ўз якунига етказишди. 1 декабрь куни янги темир йўлни фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда kun.uz ёзмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 мартдаги «Бухоро — Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарорига кўра, мазкур линияда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилди. Иншоотни сифатли, ўз муддатида фойдаланишга топшириш учун 1500 нафардан ортиқ ишчи-хизматчилар, йўл қурилиши билан боғлиқ соҳа мутахассислари, 1000 дан зиёд қудратли механизмлар жалб этилди. 

Қурилиш-монтаж жараёнлари Бухоро туманидан Мискин бекатигача бўлган оралиқда, бир вақтнинг ўзида ҳар икки томонда олиб борилди. Лойиҳани замон талаблари даражасида фойдаланишга топшириш учун республикада ҳозиргача амалга оширилган йирик лойиҳалар, жумладан, «Навоий-Учқудуқ-СултонУвайстог-Нукус», «Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон», «Ангрен – Поп» темир йўл қурилишларида фаол қатнашган тажрибали темирйўлчилар мазкур лойиҳага бириктирилган.

«Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган янги темир йўлнинг умумий узунлиги 355 км.ни ташкил этади. Айни пайтда 335 км.га пўлат излар ётқизилди, 20 кмда тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, мазкур линияда 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгич қуриб битказилди. 21,2 млн кубометр ҳажмдаги тупроқ ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга ушбу йўналишда 5 та станция (Янгиобод, Тузтепа, Учачик, Сузакдор, Даутепа) ва шунча разъездлар (Машак, Азанир, Алабуга, Жакасай, Акчуқа) ҳам барпо этилди. Мазкур лойиҳа ҳаётга татбиқ этилгач, поездлар ҳаракати тезкорлиги ошади, уларнинг ҳаракатланиш вақти қисқаради, умуман халқимизга бир қатор қулайлик яратилади. 

Дастлаб, мазкур темир йўл линияси орқали юк поездлар қатнови амалга оширилади. Бу эса ушбу ҳудуддаги қазилма бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш ва шу билан бирга янги ишлаб чиқариш корхоналарини очишга замин яратади. Шу кунга қадар пойтахтдан Урганчга қатновчи поездлар 1064 километр йўл босиб «Навоий – Учқудуқ – Мискин» магистрали орқали ҳаракатланаётган бўлса, ушбу лойиҳанинг қуриб битказилиши билан поездлар қатнови қарийб 100 километрга яқин қисқарди. Табиийки бу йўл учун кетадиган вақтни, ёнилғини ва бошқа харажатларни тежашга замин яратади. Айни дамда мамлакатимиз темир йўлларининг умумий узунлиги 6500 километрдан ортиқ бўлса, Бухоро – Мискин янги темир йўли фойдаланишга топширилгандан сўнг бу кўрсаткич қарийб 7000 километрга етади. Ушбу темир йўлнинг иккинчи босқичида электрлаштириш ишлари амалга оширилиб, келгусида мазкур темир йўл орқали электропоездлар қатнови амалга оширилиши кўзда тутилган. 

Бугун бутун Ўзбекистоннинг ҳудуд ва минтақаларини қамраб оладиган ягона миллий темир йўл тармоғи барпо этилди. Улар орқали юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновининг йўлга қўйилиши кимлар учун мўъжиза, баъзилар учун кутилмаган янгилик, яна бировлар учун эса орзулар рўёби бўлди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.