«Бухоро—Мискин» темирйўлига излар ётқизиш тугалланди, энди у электрлаштирилади

«Бухоро—Мискин» темирйўлига излар ётқизиш тугалланди, энди у электрлаштирилади

1 сентябрда Бухоро вилоятининг саҳро қумликларида умумий узунлиги 355 километр бўлган «Бухоро—Мискин» темир йўл линиясининг 147—148-километрлари оралиғида пўлат изларнинг сўнгги бир неча ўн метри ётқизилди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг маълум қилишича, «Боштранслойиҳа» акциядорлик жамияти томонидан лойиҳалаштирилган янги темир йўлнинг умумий узунлиги 335 километрни ташкил этади. Айни пайтда 335 километрга пўлат излар ётқизилди. Шунингдек, 121 та сунъий иншоот, 12 та кўприк ва 6 та йўл ўтказгичлар қуриб битказилди.

21,2 миллион кубометр ҳажмдаги тупроқ ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга ушбу йўналишда 5 та станция ва шунча разездлар ҳам барпо этилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 283,1 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, шу кунгача 247 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ўзлаштирилди.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 13 мартдаги «Бухоро — Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари» тўғрисидаги қарорига кўра, мазкур линияда бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилди. Жумладан, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини тезкор, сифатли, ўз муддатида фойданишга топшириш учун 1500 дан ортиқ ишчи-хизматчилар, йўл қурилиши билан боғлиқ соҳа мутахассислари, 1000 дан зиёд қудратли механизмлар жалб этилган эди.

Қурилиш-монтаж жараёнлари Бухоро туманидан Мискин бекатигача бўлган оралиқда, бир вақтнинг ўзида ҳар икки томондан қуриб келинди. Лойиҳани замон талаблари даражасида фойдаланишга топшириш учун Ўзбекистонда ҳозиргача амалга оширилган йирик лойиҳалар, жумладан, «Навоий—Учқудуқ—Султон-Увайстоғ—Нукус», «Тошғузор—Бойсун—Қумқўрғон», «Ангрен—Поп» темир йўл қурилишларида фаол қатнашган тажрибали темирйўлчилар мазкур лойиҳага бириктирилган.

ЎзАнинг ёзишича, ҳозирча бу йўлда юк поездлари ҳаракатланади. Улар юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поезди қатновини йўлга қўйиш мақсадида линияни электрлаштириш ва бошқа ёрдамчи иншоотлар қурилишини ўз ичига олган иккинчи босқични амалга оширишда бутун трасса бўйлаб зарур бўладиган турли бинокорлик материалларини етказиб беради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.