Бухорода «Тоза ҳаво» тадбири давомида 20 минг автомобиль назоратдан ўтказилди

Бухорода «Тоза ҳаво» тадбири давомида 20 минг автомобиль назоратдан ўтказилди

Бухоро вилоятида анъанавий «Тоза ҳаво» тадбирининг жорий йилги иккинчи босқичи ўтказилмоқда.

Вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан ташкил этилаётган тадбирларда соғлиқни сақлаш, ички ишлар бошқармалари вакиллари, туман ва шаҳар табиатни муҳофаза қилиш инспекциялари мутахассислари иштирок этмоқда.

Тадбир автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газларнинг атмосфера ҳавосига таъсирини камайтириш, ҳайдовчиларнинг табиатни асраш борасидаги масъулияти, экологик маданиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Дизель ёнилғиси ва бензинда ишлайдиган автомобиль воситалари ҳаракатланганда ҳавога ис газлари, углеводород ва бошқа турдаги бирикмалар, канцероген моддалар чиқаради. Бу айниқса, инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Табиийки, автотранспорт воситалари техник созлигини таъминлаш экологик муаммоларни камайтиришнинг муҳим шартидир.

«Тоза ҳаво» тадбирининг дастлабки 20 кунида йўл ҳаракати хавфсизлиги масканлари, серқатнов магистраллар, автокорхоналар кириш-чиқиш жойларида қарийб 20 минг автомобиль назоратдан ўтказилди. Уларнинг 108 тасида чиқинди газлар миқдори давлат стандартида белгиланган даражадан юқорилиги аниқланди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситалари экосозлигини меъёрлаштириш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.

Автомобилларнинг ҳавони ифлослантириш даражасини камайтиришда уларнинг газ ёнилғисида ишлашга ўтказилиши муҳим ўрин тутади. Жорий йил биринчи ярмида вилоятда 578 автомашина ана шундай ёнилғи турига техник мослаштирилди. Бунинг натижасида мазкур транспорт воситалари томонидан 243,2 тоннадан ортиқ заҳарли газлар атмосфера ҳавосига чиқариб юборилишининг олди олинди.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.