Cadillac уч қатор ўриндиқли улкан кроссовер ишлаб чиқаради

Cadillac уч қатор ўриндиқли улкан кроссовер ишлаб чиқаради

Cadillac компанияси 2018 йилнинг иккинчи ярмида уч қатор ўриндиқли янги улкан кроссовер ишлаб чиқарилиши тўғрисида маълум қилди. Катта эҳтимол билан у Escalade моделидан бир поғона паст ўринни эгаллайди. Бу ҳақда Automotive News нашри Америка маркаси раҳбари Йохан де Найсонга асосланиб хабар қилди.

Янги улкан йўлтанламас SRX ўрнини эгаллаган XT5 моделларининг узайтирилган C1XX платформаси устига бунёд этилади. General Motors концерни худди шу шассидан 2017 йилда тақдим этадиган янги авлод Buick Enclave ва Chevrolet Traverse автомобиллари учун фойдаланишни режалаштирган.

XT5 кроссовери АҚШда 310 от кучи(366 Нм)ни ўзида мужассамлаштирган олти поршенга эга 3,6 литрли мотор ҳамда саккиз босқичли автомат тезлик узатмалар қутиси билан савдога чиқарилади. Хитой учун эса 258 от кучига эга икки литр ҳажмли “турботўртталик” мотор ўрнатилган талқини ишлаб чиқарилади. Компания вакилининг сўзларига кўра, айни шу талқин АҚШ бозорига қадар етиб бориши ҳам мумкин.

Бундан аввалроқ Cadillac компанияси яна бир кроссовер устида иш олиб бораётганини тасдиқлаган эди. У ихчам кроссовер бўлиб, BMW X1 ва Audi Q3 билан рақобатга киришиши айтилмоқда. Ишлаб чиқарувчининг ҳисоб-китобига кўра, бу каби моделлар Хитойда кенг оммалаша олади.

Шунингдек, 2018 йилга бориб мазкур марканинг XT4 модели ҳам пайдо бўлиши мумкин. Унинг асосий вазифаси BMW X3 ва Lexus NX харидорларини ўз томонига оғдиришдан иборат.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!