Чарм қопланган ўриндиқ яхшими ёки матолиги?

Чарм қопланган ўриндиқ яхшими ёки матолиги?

Қайси бири яхши? Бу машинадан қандай мақсадда фойдаланишингизга боғлиқ. Ўриндиқда кичик болалар ёки уй ҳайвонларини олиб юрасизми? Гаражингиз иситиладими, йўқми?

Чарм сирилган ўриндиқларнинг асосий хусусияти кўринишидир. Чарм салонни савлатли кўрсатади, аммо қимматроқ. Чармнинг яна бир хусусияти тозалаш осонлигидир. Рулда тамадди қилиб кетадиган одатингиз борми? Унда ўриндиғингизга чарм қоплаттиринг. Ушоқларни териб овора бўлмайсиз. Соус ёки кофе томса, салфетка ё нам латта билан артиб ташлаш кифоя.

Мато қопланган ўриндиқда бунақаси кетмайди. Айниқса, тоза матони кўз очиб юмгунча кир қиладиган ёш болаларимизнинг қилиқларини айтиб ўтмасак бўлмас. Матода қолган доғни кетказиш учун кимёвий тозалашга мурожаат қиласиз. Дарвоқе, салонда кучук ва мушукчаларни олиб юриш одатингиз бўлса, яхшиси, матонинг ўрнига чарм қоплатинг. Ҳайвоннинг юнгини матодан битталаб терасиз, чармни тозалаш эса арзимаган иш.

Қиш мавсуми тўғрисида алоҳида тўхталиш лозим. Қишда матоли ўриндиққа етмайди. Совуқ фаслда мато қопланган ўриндиқни иситишга ҳожат йўқ, ўзи илиқ бўлади. Аммо чарм ўриндиқни кеч кузданоқ исита бошлайсиз. Акс ҳолда керакли жойларингизни совуққа олдирасиз. Чарм ўриндиқни аста-секинлик билан ўз меъёрига қадар иситиш кераклигини таъкидлаб ўтамиз. Қиммат машина чарм ўриндиғини иситиб йўлга тушгунча, мато ўриндиқли камтар машина манзилга етади. Бу carzone.uzнинг ҳикматларидан бири, деб қабул қилинг.

Ўриндиқ қопламасининг ўз “умри” бор. Бу борада ҳам чарм матога ютқазади. Мато йиртилса ёки сўкилса замонавий автокосметика маромига етказиб таъмирлаб беради. Аммо ситилиб ёки йиртилиб кетган чарм қопламани асл ҳолига келтиришнинг иложи йўқ. Бунақа ҳолатда машина эгаси салонга бошдан оёқ чарм қоплаттириш учун яхшигина харажат қилишига тўғри келади.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"