Чет элда йўл-транспорт ҳодисаси содир қилсангиз..

Чет элда йўл-транспорт ҳодисаси содир қилсангиз..

Йўл-транспорт ҳодисаси кутилмаган нохуш ҳолат бўлиб, агар у мутлақо нотаниш юртда содир бўлса, одам ўзини йўқотиши, ваҳимага тушиши мумкин. Хорижда йўл ҳаракати қоидалари қандай, полициячиларнинг муносабати қанақа бўлади, суғурта масаласи-чи? Жавоблардан саволлар кўп. Келинг, бу ҳолга олдиндан тайёргарлик кўрамиз.

Машина ўзингизникими?

Шахсий ҳужжатлар ҳар доим ёнингизда бўлиши шарт. Масалан, “яшил карта” фақат Европада эмас, Тунис, Марокаш, Эрон ва Исроил давлатларида ҳам амал қилади. Картанинг суғурта тўлови бориладиган мамлакатга қараб белгиланади. Шунингдек, тўлов миқдори транспорт категорияси, суғурта шартномасини расмийлаштириш муддатига ҳам боғлиқ.

Яшил картага тўқнашув содир бўлганда иккинчи томонга бериладиган йиртма талон илова қилинади. Агар бирор сабабга кўра автомобиль ҳайдовчисининг ёнида улар бўлмаса, оғзаки ё ёзма шаклда ҳужжат рақами, ўрнашган мамлакатидаги “яшил карта” расмий ваколатхонасининг манзили ва телефон рақамини беради.

Кейинги мажбурий ҳужжат Accident statement бўлиб, у юз берган ҳодиса протоколининг европача эквивалентидир. Барча ҳайдовчиларга йўлга чиқишдан олдин тегишли бланкаларни олиб юришни тавсия этамиз. Уни соҳага доир сайтлардан юклаб олишингиз мумкин.

Бланка тўқнашувнинг барча қатнашчилари томонидан тўлдирилади. Кейинги ҳужжатларни расмийлаштириш учун ЙТҲ иштирокчиларининг ҳар бирида алоҳида нусха қолдирилади.

Ҳужжатни тўлдиришнинг қатъий қоидалари бор: шарикли ручкада тўлдириш лозим, мезбон мамлакатнинг тилида ёзиш шарт эмас, бироқ лотин ёзувида тўлдирилиши шарт. Бирорта пунктини бўш қолдирманг, керак бўлса, полиция ходими ёки бошқа ҳайдовчидан ёрдам сўранг. Юз берган ҳодиса ҳақидаги тўлиқ ахборот ҳужжатда акс этиши лозим. Бланка тўлдирилиб, ҳодисанинг ҳар бир иштирокчиси томонидан имзоланиши ва икки ҳафтадан кечикмасдан “яшил карта”ни берган суғурта компаниясига йўлланиши керак.

Европадаги йўл ҳаракати қоидаларининг яна бир муҳим тарафини айтиб ўтмасак бўлмайди. Кўпгина мамлакатларда ЙТҲга учраган ҳайдовчи машинадан нур қайтарувчи махсус камзулсиз тушиши мумкин эмас. Шунинг учун хорижга чиқишдан олдин автомобилингизда ҳамиша нур қайтарувчи элементлари бор камзул бўлсин.

Ижарага олганмисиз?

Умумий тартиб-қоидалар худди юқоридагидек амал қилади. Бироқ ҳайдовчининг муаммоси янада кўпаяди. Яъни қарши тарафнинг ўзи билан келишиб полициясиз ишни битиришнинг иложи қолмайди. ЙТҲ ҳақида албатта ижара марказига хабар бериш лозим, улар автомобилни нима қилиш кераклигини айтади. Кўпгина фирмаларнинг эвакуатори бор, айримлари автосервис билан шартнома тузган бўлса эвакуаторни уларга буюртма беради.

Ижара фирмаси ходимлари юз берган ЙТҲ ҳақида расмий маълумотнома сўрайди, шунинг учун маълумотномани ҳукумат вакилидан аввалроқ сўраш керак.

Полиция келяпти

Ҳамма мамлакатларда ҳайдовчилар бир-бирига ўхшайди. Бу ЙТҲ ҳолатларига ҳам тегишли. Агар тўқнашувда шикаст кўрган одам бўлмаса, ҳодиса сабабчиси ўз айбини тан олади ва етказилган зарарни тўлайди. Бунақада полициячига ҳожат йўқ. Улар муаммони мустақил ҳал этиш ҳуқуқига эгадир.

Агар ўзлари муросага кела олмаса ёки ҳодиса иштирокчиларининг бирортаси тан жароҳати олса, полициясиз иш битмайди. Диққат: тартиб посбонлари ҳамиша ўз ҳамюртининг ёнини олишига тайёр туринг. Буни тушуниш ва босиқлик билан ёндашиш керак. Зиддиятга киришмаслик, аммо барча айбни бўйинга ҳам олмаслик керак. Бунинг ўрнига юз берган ҳодисани ҳукумат вакилига аниқ ифодалаб бериш, қонунга қатъий риоя қилиш, кўрсатилган босимга бўш келмаслик ва тушунарсиз ҳужжатга асло қўл қўймаслик лозим.

Имконият бўлса, полиция келгунича юз берган вазиятни камерага муҳрлаш ёки видеога олиш, барча муҳим лаҳзаларини белгилашда автомобилнинг зарарланган жойи, ҳаттоки, гувоҳларнинг юзини ҳам четда қолдирмаслик лозим. Можарони ҳал этишда гувоҳлар ёрдами керак бўлиши мумкин. Агар чет тилини билсангиз, гувоҳларнинг манзил ва телефонларини сўраб олинг. Гарчи хорижда ЙТҲ фирибгарлиги тарқалмаган бўлса ҳам барчасини олдиндан ҳисобга олиш зарурдир.

ЙТҲ юз бергандан кейин

Чет элда ЙТҲ содир этилганда,

  • автомобилни тўхтатиб ҳалокат сигналлари ёқиб қўйилади;
  • махсус камзул кийиб салондан тушилади ва ҳалокат белгисини ўрнатилади (мамлакатнинг йўл ҳаракати қоидалари билан аввалдан танишиб қўйиш зарар қилмайди, чунки йўл белгисининг ўрнатилиш масофаси тегишли давлатга қараб турлича бўлади);
  • ҳеч ким жароҳат олмаса, томонлар ўз ихтиёрига биноан келишиб олади. Бунда “яшил карта”нинг йиртма талони берилади ва европротокол бланкаси тўлдирилади;
  • жароҳат олганлар бўлса, 112 қутқарув хизмати чақирилади ҳамда полиция ва тиббий ёрдамни кутилади.

Нохуш ҳолатга дуч келмаслик учун ҳайдовчи қуйидаги ишларга қўл урмаслиги керак:

  • мазмуни тушунарсиз ҳужжатга асло имзо чекмаслик;
  • полициячи билан мулоқотда ўз айбини тан олиш;
  • шахсий ёки ижарага олинган автомобилни бегоналар эвакуация қилишига ишонч билдириш. Ёки, яхшиси, синалган ташкилотнинг алоқа рақамига қўнғироқ қилиб чақириш.

Ҳайдовчи, бегона мамлакатда ўзгача қоидаларга бўйсунишингизга тўғри келишини эсингизда тутинг. Муаммони енгиллаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар ёнингизда бўлсин, қонунчилик меъёрлари билан танишиб қўйинг, зарурий телефон рақамларини ёзиб қўйишдан эринманг. Саросимага тушманг.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"