Chevrolet Bolt электромобили январда кўрсатилади

Chevrolet Bolt электромобили январда кўрсатилади

Беш эшикли Chevrolet Bolt электрохэтчбеки келгуси йилнинг 6 январь куни Лас-Вегасдаги CES истеъмолчи электроникаси кўргазмасида намойиш этилади.

Шу йилнинг январида General Motors Детройт автосалонида мазкур электромобиль концептини кўрсатган ва келаси йилдан бошлаб серияли ишлаб чиқаришини эълон қилган эди. Chevrolet Bolt тақдимоти бирор-бир автосалонда эмас, истеъмолчи электроникаси кўргазмасида ўтказилаётгани диққатни тортади.

General Motors вице-президенти бу ҳолни тасодиф эмас, дейди. Детройтда электромобиль концепти оммага намойиш этилгач, машинанинг электрли қисмлари бўйича саволлар ёғилди. Саволларга нафақат General Motors вакили, балки машинани яратиш бўйича ҳамкори LG Chem компанияси вакили ҳам жавоб беради. Чунки электромобилнинг батарея блоки, қувватловчи қурилмаси, барча ўтказгич симлари, смартфон орқали бошқарса бўладиган жиҳозлари ва мультимедиа тизими ушбу компанияга тегишлидир.

Смартфондаги контактларни автомобилнинг мультимедиа тизимига юклаш мумкин. Бундан ташқари автомобилни смартфон орқали ўз услубига мослаб созласа бўлади: газ тепкиси сезгирлигини ошириш ёки камайтириш, амортизаторни “қаттиқ-юмшоқ” қилиш, руль бошқаруви сезгирлигини ўзгартириш мумкин. Смартфон воситасида автомобилни ҳайдовчисиз режимда автотураргоҳга жойлаш имкони ҳам бор.

Chevrolet Bolt ўз концептидан катта фарқ қилмайди. Тўла қувватланган аккумулятор билан 320 км йўл босади.

АҚШда Chevrolet Bolt келгуси йилнинг охирларида сотувга чиқарилади. Нархи 37 минг доллар атрофида бўлиши кутилмоқда. Бошқа мамлакатларга экспорт қилиш мавзуси кўтарилгани йўқ, аммо электромобиль рақобатбардошлиги билан ажралиб туради, шу сабабли яқин йилларда бошқа мамлакат бозорларида учратиб қолишимиз мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"