Чипталар сотилмайди, вагонлар эса бўм-бўш. Нима учун?

Чипталар сотилмайди, вагонлар эса бўм-бўш. Нима учун?

Ҳалқаро Пресс-клубнинг 9 август куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида темир йўл соҳасида эришилаётган ютуқлар билан бир қаторда мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинди.

«Кун.uz» мухбирининг хабар беришича, ижтимоий тармоқ орқали келган мурожаатларнинг кўп қисмида чипта сотиб олишдаги қийинчиликлар таъкидлаб ўтилган. Фуқароларнинг кўпчилиги кассада чипта қолмаслиги, бироқ вагонларнинг аксарият қисми бўш кетишидан шикоят қилган.

Бундан ташқари, темир йўл кассаларида юзага келувчи тартибсизлик, оворагарчилик ҳам алоҳида қайд этилди.

Бу масала юзасидан «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ сотувлар ва сервис хизматлари бўйича директори Дилмурод Ниғмонов қуйидагича изоҳ берди:

«Биз барча йўналишлар учун чипталарни 45 кун аввал эркин савдога қўямиз. Нимагадир одамлар бугун кетгиси келиб қолади ва ўша вақтда ҳаракатга тушади. Чипталар сонининг чекланганлиги сабаби, поездлар маълум бир тизим бўйича қатнайди. Биз 20 вагонни 24та қилиб бера олмаймиз. Бунга техник жиҳатдан ҳам йўл қўйилмайди. Вагонларнинг бўш кетиши эса оралиқ станциялардан йўловчи чиқиши эҳтимоли борлигини билдиради. Агар айрим вагонларнинг бўш кетилганига гувоҳ бўлсангиз, бу ўриндиқларнинг эгалари оралиқ бекатларда чиқиши мумкин».

Маълум бўлишича, фақатгина байрам кунларида аҳоли учун қўшимча рейслар ташкил қилиниши мумкин.

Шунингдек, спикернинг сўзларига кўра, чипталарни сотиш бўлими томонидан брон ушламаслик бўйича махсус топшириқ берилган. Бу эса аҳолининг чипта олиш жараёни янада эркин, шаффоф бўлишини таъминлайди. Йўловчилар электрон ёки жонли тарзда чипта ҳарид қилиш имконига эгадирлар.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.