Cobalt’ни тузатиб беришни ваъда қилиб, унинг ҳайдовчисини 12 миллион сўмга чув туширган «уста» озодликдан маҳрум қилинди

Cobalt’ни тузатиб беришни ваъда қилиб, унинг ҳайдовчисини 12 миллион сўмга чув туширган «уста» озодликдан маҳрум қилинди

 

Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида илгари бир неча марта жиноят содир этиб, муқаддам судланган Мурод Мўминовнинг йирик фирибгарлик жиноятларига оид иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Daryo.uz ёзмоқда.

Тошкентлик Мурод Мўминов жорий йилнинг 31 январь куни пойтахтнинг Сергели туманида истиқомат қилувчи Инобат Усмоновага 280 АҚШ доллари эвазига Akfa ромлари қўйиб беришни ваъда қилган. Олдиндан 100 АҚШ доллари ва 700 минг сўм пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгач, ишни пайсалга солган. Қўлга киритган маблағни эса ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мурод 2017 йилнинг 8 март куни Шайхонтоҳур тумани Янги Beltэпа маҳалласида Жавоҳир Мирзаев бошқарувидаги, «Sensис Group» масъулияти чекланган жамиятига тегишли Cobalt русумли автомашинани таъмирлаб беришга келишган. 750 минг сўм пул, 15 граммлик, баҳоси 2 миллион 50 минг сўмлик тилла тақинчоқларни хизмат учун, деб олдиндан олган. Орадан бир кун ўтиб, Credit Asia дўконига кредит пулларини ўзи тўлаши шарти билан Жавоҳир Мирзаевнинг номига кредитга телевизор олишни расмийлаштиришни таклиф қилди. Жавоҳир Мирзаев ҳам келишувга рози бўлди. Мурод эса нархи 3 миллион 845 минг сўмлик телевизорни олиб, бошқа шахсларга сотиб юборган.

Мурод Мўминов 12 март куни Жавоҳир Мирзаевнинг автомашинасини таъмирлаб бериш учун олиб кетган. Автомашинани шаҳарнинг бир четига олиб бориб, ундаги 5 миллион 250 минг сўмлик кондиционер ҳамда 750 минг сўмлик ҳимоя ёстиқчасини яширин равишда ўғирлаган ва танишларига сотиб юборган. Пулларни эса ўз эҳтиёжлари учун ишлатган.

Муроднинг жиноий ҳаракатларини ички ишлар ходимлари тўхтатди.

Мурод Мўминовнинг аввалги жиноятлари бўйича ҳужжатлар текширилганда, унга нисбатан муқаддам Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2016 йил 20 декабрдаги ҳукмига кўра, иш ҳақидан 30 фоизи миқдорини давлатга ундириб қолган ҳолда, уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани маълум бўлди.

Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Мурод Мўминов жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этганлиги инобатга олинган ҳолда, унга олти йил-у икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Судланувчи Мурод Мўминовдан жабрланувчи Жавоҳир Мирзаев фойдасига 12 миллион 645 минг сўм, Инобат Усмонова фойдасига эса 1,5 миллион сўм моддий зарар ундириладиган бўлди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#Cobalt

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.