Covini C6W – олти ғилдиракли суперкар

Covini C6W – олти ғилдиракли суперкар

Суперкарларнинг ҳаммаси тўрт ғилдиракли бўлади, деб ўйласангиз, адашасиз. Ташқи кўринишдан бу машина 2012 йилда ишлаб чиқарилган Porsche Boxterга ўхшайди.  Аммо у биринчидан Италияга мансуб, иккинчидан 70-йиллар ўрталарида концепт сифатида пайдо бўлган, учинчидан эса олти ғилдираклидир. Италияликлар дизайнига ишлов беришни ўрнига қўйганлиги кўриниб турибди.

1976 йилдаги “Формула-1” мусобақасида олти ғилдиракли Tyrrell P34 болиди муваффақиятли иштирок этган. Италян дизайнери Ферруччио Ковини муваффақиятдан руҳланиб, олти ғилдиракли автомобилни умумфойдаланиш йўлларида юриши учун қайта жонлантирди. Нега ғилдираги олтита? Сабаби оддий – ғилдираклар кўп бўлса, йўлга шунча яхши ёпишади.

Олдиндаги бир жуфт ғилдирак илашмай қолганда суперкар оғирлигини иккинчи ўқ кўтаради. Бундан ташқари тормоз механизмининг иккиталиги тўхташ масофасини қисқартиради. Бошқариш осонлашганлигини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Хуллас, турган-битгани қулайликдан иборат.

Аммо олти ғилдиракли машина лойиҳаси моливий муаммолар сабаб четга сурилиб қолди.  Суперкарга анъанавий шиналар мос келмаслиги муаммони янада орттирар эди.

2003 йилда Ферруччио Ковини лойиҳани давом эттиришга аҳд қилиб, бир йилда прототип ясади. Covini кузови келажакка хос дизайнда, рамаси қувурдан, енгил элементлари углерод толасидан ишланган. Ундаги V мотор 420 от кучига эга бўлиб, 300 км/соат тезликда ҳаракатлана олади.

Суперкарни серияли ишлаб чиқариш бошланди. Серияли деб айтиш ҳам қийин, йилига 6-8 дона ишлаб чиқарилади. Аммо талай афзалликлари ва ўзига хос қиёфасига қарамасдан суперкар ишқибозлари уни хушламади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"