“Damas” ўғриси қўлга тушди

“Damas” ўғриси қўлга тушди

Иброҳимбек куни бўйи пул излаб, овора бўлди. Янги йил арафаси, ҳамма ўз ташвиши билан банд. Пул тополмай, асаби таранглашди. Ўзи, бировнинг “Damas”ини ижарага олиб, киракашлик қилиб юрганди. Нима бўлди-ю йўл назоратчилари уни тўхтатиб, ҳужжатлари жойида бўлмаганлиги учун машинани жарима майдончасига қўйишди. Энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдорида жарима тўлаши керак экан. Энди жаримани тўлаши, машинани олиб чиқиб, пул ишлаши керак. Ижара пули ҳам оз эмас… Иброҳимбек чора излаб, кечаси яна кўчага чиқди. Хаёл билан бўлиб вақт ярим тундан ўтиб кетганини ҳам сезмай қолди, деб ёзади «kun.uz».

Йўлдан ўтаётган оқ рангли “Damas”га қўл кўтариб, тўхтатди. Ҳайдовчи машинада ёлғиз экан. Иброҳимбек орқа эшикни очиб, “Лаганди қишлоғига бориб келайлик, оиламни олиб келишим керак эди”, деган эди, ҳайдовчи йўлкира учун 20 минг сўм сўради. Иброҳимбек унга пулнинг бир қисмини узатиб, қолганини қайтганларида беришини билдирди.

Йўлга тушишди. Иброҳимбек хаёлига келган режасини пишитиш билан банд эди. Талликурон қишлоғидаги чорраҳага етганда Иброҳимбек машинани чапга буришни буюрди. Бир муддат юришгач, ҳайдовчи “Лаганди бу томонда эмас-ку”, деб қолди. Ҳамон ўз хаёли билан банд бўлган Иброҳимбек чайналганича, адашганини айтди. Ортга қайтишди. Касби йўлидан кетишди. Коллеж биносидан ўтиб, Лагандининг ички кўчаси бўйлаб бироз юриб, чапга бурилишди. Иброҳимбек ўзича йўл кўрсатиб борди.

Ниҳоят Иброҳимбек ҳайдовчидан кўчанинг охирида машинани тўхтатиб, бироз кутиб туришни сўради. Машинадан тушиб, у ёқ-бу ёқни айланиб келгач, ҳайдовчига “Поччам маст бўлиб, опамни урибди. Илтимос, менга ёрдам беринг, мен келганимни билса, қочиб кетади”, деди. Ҳайдовчи шошганча “Damas”дан тушаётганида машинани ўчирмаслигини тайинлади. Сўнг унга қайси томондан боришини айти-ю, ўзи девор ортига яширинди.

Ҳайдовчи мижознинг ярим тундаги илтимосини ерда қолдирмай, йўлакчадан уй томон кетаётганди, машинасининг эшиги очилиб-ёпилганини, чироқлари ёқилиб, юриб кетганлигини кўрди-ю, орқасига югурди. Аммо унинг “ҳай-ҳай”лаши бефойда эди. “Damas” бир зумда қоронғилик қўйнига ғойиб бўлди…

Ҳайдовчи бироз ўйлаб тургандан кейин акасига қўнғироқ қилди. Ўзи эса қоронғи қишлоқ кўчалари бўйлаб катта йўлга ошиқди. Акаси етиб келгач, унинг машинасида шу атрофдаги кўчаларни қараб чиқишди. “Damas” ер ютгайдай изсиз йўқолганди. Охири ички ишлар бўлимига хабар беришга мажбур бўлишди…

Иброҳимбек машинани момосининг Арабхона маҳалласидаги уйи томон ҳайдади. Момоси ва бобосининг Яккабоғ туманига кетишганини биларди. Дарвозани очиб, “ўлжа”ни ҳовлига киритди. Туннинг қолган қисмини машинада ўтказди.

Эртасига кўчага чиқди. Ўткир ака деган кишининг устахонасига борди. У ерда таниши Лазиз ишларди. Уни топиб, бир чеккага олиб чиқди ва “Damas” машинасини олиб қочганини, уни эҳтиёт қисмларига ажратишда ёрдам беришини сўради. Лазизнинг ранги ўчиб, унинг таклифини рад қилди. Аммо Иброҳимбек ҳол-жонига қўймагач, у билан Арабхонага жўнади. Йўлда бозорга кириб, ижарага “болгарка” ҳам олишди.

Ўша куни “Damas” бир уюм темир-терсакка айланди. Иброҳимбек Лазизга машинани “майдалаб” бергани учун 200 минг сўм берди. Эҳтиёт қисмлардан бир қисмини сотиб, жаримани тўлади ва ўзи ижарага олиб ҳайдаган “Damas”ни олиб чиқди. Унга “ўлжа” машинанинг метан баллони ва рул колонкасини ўрнатди.

Янги йил байрами ўтгач, Иброҳимбек йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун ижара “Damas”и яна жарима майдончасига қайтди. Бу сафар “харажат”лар учун “ўлжа” шиналар сотилди. Сўнг навбат эшикларга етди…

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг тадбирлари ниҳоят ўз самарасини берди. Машина ўғриси аниқланиб, тергов ҳаракатлари бошланди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг ҳукми билан Иброҳимбек Ибрагимов Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан 4 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жабрланувчига “Damas”нинг 53 турдаги, жами 19 млн. сўмлик эҳтиёт қисми тилхат орқали қайтарилганлиги қайд этилиб, қолган 10 млн. сўм зарар ҳам ундан ундириладиган бўлди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!