Детройт кўргазмасига салонида дарахти бор автомобил келди

Детройт кўргазмасига салонида дарахти бор автомобил келди

Хитойнинг GAC компанияси Детройт автосалонида GAC EnSpirit номли концептуал гибрид кроссоверни кўрсатди. Автомобиль салонида митти дарахт ўсиб турибди.

Хитойликлар Шимолий Америка бозорида автомобиль сотиш ниятини ҳеч яширмаган. Шунинг учун кутилмаган автомобил келтириб, барчани ҳайратда қолдиришни кўзлаётган бўлиши мумкин. Зарядланувчи гибрид кузови купени эслатади. Матодан ишланган томини йиғиштирсангиз, кабриолетга айланади-қолади.

Тўрт ўринли кроссовернинг салони қойиллатиб безалган, хусусан ёғоч қопламаларини алоҳида кўрсатиб ўтиш лозим. Энг қизиғи, орқадаги икки ўриндиқ орасига қўйилган тувакчада ҳақиқий митти дарахт ўсиб турибди. Албатта, серияли версиясининг ҳаммасига дарахт ўтқазиб сотишмаса керак, аммо ўйлаб топган нарсалари чакки эмас. Замонавий автомобиль тиш-тирноғигача электронлашаётган маҳалда унинг бағридан жонли табиатнинг бир бўлаги жой олиши мақтовга лойиқ.

Кроссовернинг техник тавсифини сир тутишмоқда. Бир ярим литрли бензинли мотор ва электромотор ўрнатилиши маълум. Машинани оддий тармоқ ёки махсус зарядлаш станциясидан қувватлаш мумкин.

Хитойда GAC EnSpirit шу йилдан сотувга чиқади. Америка бозорига эса 2019 йилдан олиб чиқишни мўлжаллашяпти, албатта бу АҚШ раҳбариятининг келажакда хорижий машиналарга нисбатан жорий этадиган бож сиёсатига боғлиқ. Чунки яқинда АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп мамлакат автосаноатини ривожлантириш мақсадида “иномарка”лар учун 45 фоизлик бож жорий этишга ваъда берган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"