Доналд Трампнинг Lamborghiniсига харидор топилмади

Доналд Трампнинг Lamborghiniсига харидор топилмади

АҚШда президентликка номзод Трампнинг суперкарини интернет орқали сотишга уриниб кўришди.

Унинг 1997 йилда ишлаб чиқарилган Lamborghini Diablo Roadster VT автомобилини eBay онлайн-кимошди савдосига қўйилди. Суперкар 15277 мил (24586 км) йўл юрган.

Lamborghini Diabloни 5,7 литрли атмосферали V12 мотор ҳаракатга келтиради. Машина 492 от кучига эга. Тўла узатмали.

Ноёб суперкарнинг яна бир хусусияти пневмоосмаси бўлиб, тўсиқлардан ўтишда кузовни аста кўтариш имконини туғдиради. Салонига икки хил рангли чарм сирилган. Томи карбонпластикдан ишланган. Махсус қоплама кузовни тирналиш ва чизилишлардан асрайди.

Автомобилни савдога қўйган шахс уни “янгидек” дея мақтади. У харидорга фойдаланиш йўриқномаси, асбоблар сумкаси каби оригинал аксессуарларни ҳадя қилишга тайёр.

Шунга қарамасдан нодир суперкарни харид қилиш иштиёқини ҳеч ким билдирмади. Харидорлар Трампни ёқтирмайдими? Ҳар қалай, гап бунда эмас, машинанинг нархида. Чунки суперкарнинг бошланғич баҳоси оз эмас, кўп эмас 460 минг доллар.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"