Дунё мамлакатлари ҳайдовчиларининг феъл-атворига тавсифлар

Дунё мамлакатлари ҳайдовчиларининг феъл-атворига тавсифлар

Ҳар бир мамлакатнинг ўз урф-одати, хусусиятлари бўлиб, бу ҳар доим ҳам меҳмонга тушунарли бўлавермайди. Айнан шу хусусиятлар бизни ўзига хос ва қизиқарли қилади. Халқлар орасидаги фарқлар фақатгина маданият ва мулоқот тилида намоён бўлавермайди. Бу катта йўлда ўзимизни тутишимизда ҳам яққол кўринади. Мақоламиз шу ҳақда. Қуйида келтириладиган умумлашма хулосалар мухбир ва муҳаррирлар, эксперт ва гувоҳларнинг саёҳатлари натижасида тўпланган. Сиз қайсидир бирига эътироз билдирасизми? Марҳамат, сайт остида фикрингизни изоҳланг.

Миср

Мисрликлар йўл ҳаракати қоидаларига тамоман бефарқ, шунинг орқасидан авариялар юз бериши тўхтамайди. Ҳаттоки, чорраҳада ўзингнинг йўлинг бўлса ҳам ойнага қараб ўтасан, киши. Йўлда хабарлашувнинг ягона воситаси сигнални бибиплатиш. Йўлда янги ва эски машиналардан ташқари туялар ҳам ҳаракатнинг тенг қатнашчиси.

Искандария шаҳри марказий кўчаларидан бири

Австрия

Австриялик ҳайдовчилар бамайлихотир ва синчков. Йўл қоидаларининг ҳар бир икир-чикирини кўздан қочирмайди. Ўтишда устун бўла туриб йўл бўшатсангиз, миннатдор бўлиши қийин. Ўнгдан қувиб ўтишни мутлақо ўйламай қўяқолинг. Йўл қоидасини қўпол равишда бузсангиз, полицияга ўзлари шипшитади. Асосан, Mercedes-Benz, Audi, BMW автомобилларида ҳаракатланишади.

Италия, Испания ва Португалия

Италянлар, испанлар ва португаллар жўшқин ҳайдовчилардир, аммо тажовузкор эмас. Тезликни севади, аммо агрессия намоён қилмайди. Сицилияда ҳаракатланиш учун ҳайдовчининг бети қаттиқ ва дангал бўлиши керак, акс ҳолда бетартиб чорраҳада узоқ туриб қолишига тўғри келади. Йўлда, хусусан, мотоциклчи ва скутерчилар ўзини сурларча тутади. Йўл белгилари ва ишоралар, ҳаттоки, тажрибали ҳайдовчини чалғитадиган даражада. Одамлар тезликни меъёридан оширишга ўч, аммо жарима ҳам бу ерда юқори. Alfa Romeo, Fiat 500, Seat автомобилларида юришади.

Испания. Барселона

Буюк Британия

Англияда тартибли ҳайдовчилар тартибсизлари билан аралашиб кетган. Йўлларда муҳожир кўп, чап тарафлама ҳаракатда адашмовчилик учраб туради. Тартиб посбонларини қаттиқ ҳурмат қилишади. Жамоатчилик транспорти тараққий этган бўлиб, шахсий автомобиль англиялик учун ҳашаматдир. Асосан, Ford Fiesta ёки Jaguar, Aston Martin, Bentley, Rolls-Royce каби люкс автомобилларда ҳаракатланишади.

Лондон кўчаси автомобилларининг чироғи

Марокаш

Марокашда машина ҳайдаш маданиятидан асар ҳам йўқ. Кўчаларида автомобиль сийрак, бори ҳам эски. Бир машинада 5-6 одам тиқилишиб юради. Рухсат этилган тезликдан 2 баробар секин ҳаракатланишади (яъни 80да юриш мумкин бўлса, 40да юришади). Олдиндаги автомобиль қаёққа бурилишини тахмин қилишнинг иложи йўқ, чунки бурилиш чироқларидан фойдаланишмайди. Марокаш кўчаларида Mercedes 124, Dacia Logan автомобилларини учратасиз.

Марокашнинг оддий кўчаларидан бири

Швеция, Норвегия, Финляндия

Скандинавияда интизомли ҳайдовчиларни учратасиз, улар ҳамиша бир—бирига ёрдамлашишга тайёр. Тезлик чекловига қатъий риоя қилинади, қоидабузар ҳеч қаерга қочиб қутулолмайди. Совуқ фаслда қишки шиналарни кийб олиш шарт. Дунёнинг энг малакали ҳайдовчилар ушбу мамлакатлардадир. Volvo, Saab автомобилларида юришади.

Таиланд

Таиланднинг ҳайдовчилари осойишта, хушмуомала ва ювош инсонлар. Йўлдаги ҳаракатни сон-саноқсиз мотоциклчи ва скутерчилар чигаллаштиради. Икки ғилдиракли транспорт ҳайдовчилари ўз ишига моҳир, аммо барибир эҳтиёт бўлган маъқул, айниқса техника ижарага бериладиган ҳудудларда. Бангкокда ўта зарур бўлмаса ёки ҳайдаш малакасини пухта эгалламай туриб рулга ўтирмаслик керак. Чунки мегаполисда ҳаракат ўта тиғиз ва бетартиб. Таиландликлар скутер ва ҳар хил пикапларда ҳаракатланади.

Таиланд кўчасида мотоцикллар сафи

Япония

Японияликлар одобли ва савияли ҳайдовчилардир. Кунчиқар юртда навигация масаласи муаммо туғдириши мумкин, чунки йўл кўрсаткичларнинг барчаси ҳам инглизчалаштирилмаган. Японлар Kei cars номли митти машиналарда ва Toyota, Nissan, Honda русумларида ҳаракатланади.

Германия

Немислар шиддатли, тезкор ҳайдовчилардир, йўлда бўш-баёв ва билмасвой ҳайдовчиларни кўрмайсиз. Асаблари темирдан, истаган вақтда тормозни босишга тайёр. Қаторда сизни ўтказиб юбориб бурилиш чироғини липиллатади ва 3-5 сониядаёқ қайта сафланади. Барча ҳайдовчиларнинг асосий душмани яширин кузатувчи полиция машинасидир. Немислар ўта интизомлилиги ҳақида стереотиплар юради. Йўқ, улар ҳам қоидани бузади, аммо бизга ўхшаб тўлиб-тошиб бировга асло ҳикоя қилиб бермайди. Немислар Volkswagen, Mercedes-Benz, BMW, Audi автомобилларида юради.

Франция

Французлар қоидаларни аҳён-аҳёнда бузиб турадиган, баъзида қўққис тормоз берадиган, баъзида тезликни ошириб юборувчи Европанинг одатий ҳайдовчиларидир. Зич шаҳарларда машиналарни бир-бирига тегизиб автотураргоҳга жойлаш одат. Францияликлар тушликда вино симириб, кейин рулга ўтиришни хуш кўради. Франциялик мотоциклчилар хийла сурбет бўлади. Жандармлар давлат арбобларини милтиллама чироқли машиналарда кузатиб юради. Францияда Renault, Citroen, Peugeot автомобилларида юришади.

АҚШ

АҚШ ҳайдовчилари интизомли, аммо йўллар узун ва кенглиги туфайли кўча саҳнида автомобиллар сийрак кўринади. Америкада катта йўлтанламас бошқарувчи аёл ҳайдовчилар алоҳида тоифа ҳисобланади. Улардан узоқроқ юрган маъқул. Америкаликлар тезлик режимига қатъий амал қилади. Америкача ҳаётнинг тамойили шуки, машинанг бўлмаса – ҳеч кимсан. Инфраструктура автомобиллар устига қурилган, жамоат транспорти Нью-Йоркка ўхшаш катта шаҳарларда яхши ишлайди. Бошқа ерда эса машинангиз бўлмаса, магазиндан маҳсулотларни уйингизга олиб келишингиз ҳам муаммо. Айнан шу сабабли штатларнинг кўпчилигида ҳайдовчилик гувоҳномаси 16 ёшдан берилади. Дакотада, ҳаттоки, 14 ёшу 3 ойликка тўлгач машина ҳайдаш мумкин. Америкаликлар улкан пикап ва йўлтанламасларни ёқтиради.

Россия

Россияликлар йўл ҳаракати қоидаларини назарига илмайди. Йўл-транспорт ҳодисалари кўп учрайди. Ҳайдовчилар асабий ва баджаҳл. Йилдан-йилга вазият яхшиланмоқда, бироқ секин суръатларда. Россия кўчаларида Lada кўп учрайди.

Туркия

Туркия ҳам Россияга ўхшаш. Ҳайдовчилар сигнал чалиш ва узоқни кўрсатувчи чироқларини липиллатиш, ўнгдан қувиб ўтиш, тезликни меъёрдан оширишга одатланган. Россияда машина бошқариш ҳадисини олганлар Туркияда қийналмайди. Пиёдалар ҳам ҳайдовчиларга мос: йўлнинг истаган еридан кесиб ўтади, ЙТҲлар содир қилишда фаол ва ҳоказо. Tofas Sahin автомобили Туркияда кўп.

Туркиядаги акведук

Ҳиндистон

Ҳиндистонда йўл ҳаракати бутунлай бетартиб. Йўлдаги вазиятни тўғри баҳолашнинг иложи йўқ. Йўл белгилари ҳайдовчининг назаридан четда қолиши одат. Анвойи рангларда бўялган автомобиллар кўп. Пиёдалар йўлнинг дуч келган жойидан кесиб ўтаверади, уларнинг орасида гиёҳванд модда чекиб олганлар бисёр. Йўлдаги яна бир хавф сигирлардир. Уларни туртиб юбориш асло мумкин эмас Ҳиндистон йўллари ҳақидаги мақоламизни ўқинг). Ҳиндлар Tata, Indostan автомобилларида ҳаракатланади.

Ҳиндистон кўчаларидаги ҳаракат

Хитой

Хитойликлар илтифотли халқ, аммо қалтис менёврлар қилади, йўл чизиқлари, светофор, тезлик режимларига амал қилмайди. Ҳамма жойда сигнал товуши янграйди. Ўтиш йўлагида ҳам пиёдага йўл бериш йўқ. Хитойлар скутерда, мамлакатнинг ўзида йиғилган Volkswagen ва турли-туман маҳаллий маркаларда юради.

Польша

Поляклар пала-партиш қувиб ўтади. Айрим автобанлари Германияникидан ҳам аъло, бироқ чекка ҳудудлардаги йўлларига қараб бўлмайди. Европанинг кўпгина давлатларидан фарқли равишда бу мамлакатда йўл ҳаракати посбонлари “соққа” олади. Полициячилар беркиниб ўлжа кутиши одатий ҳол. Opel ва эски Volkswagenларда ҳаракатланишади.

Белоруссия

Белоруслар жуда маданиятли, тартиб-интизомли ҳайдовчи. Йўллари тоза ва обод. Автоинспекция ходимлари пора олмайди, аммо, кўпинча, жаримани жойидаёқ тўлашни талаб қилади. Volkswagen Passat B3, Audi 80 каби автомобилларда ҳаракатланишади.

Грузия, Озарбайжон

Кавказликлар шиддат билан тез ҳайдайди. Йўлда “улоқ ўзганники” қоидаси амалда. Кўчаларида эски Mercedes-Benz 124 автомобили кўп учрайди.

Ўзбекистон

Бизнинг юртимиз ҳайдовчиларининг феъл-атворини ўзимиздан бошқаси яхшироқ билмайди, албатта. Хўш, биз қанақамиз? Тезликни ёқтирамиз, чекловдан оширсак, тўхтатган автоинспекция ходими олдида дасти дароз танишимизга қўнғироқ қиламиз. Ёки ҳужжат орасига бели синмаганидан солиб қистирамиз, тартиб посбони ҳам кўнгли бўшлик қилиб рад этмайди. Ҳеч ким кўринмаса, светофорнинг қизил чироғида ҳам ўтиб кетамиз. Аммо кузатув камералари ўрнатилган шаҳарларимизда бу одат йўқолганлигини айтиш жоиз.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"